Чекка ҳудуд аҳолисининг бандлиги таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани ҳокимлиги ҳамда Ӯзбекистон Республикаси Президенти Тўрткўл тумани Халқ қабулхонаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ бир қатор маҳаллаларда бўлиб, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб тумандаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг фаолияти бўйича ўрганиш олиб борилди. Ушбу ҳудудда 2024 йил 1 январь ҳолатига 946 хонадонда 978 оила бўлиб, 2 минг 510 нафар аҳоли яшаб келмоқда. Жорий йилда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар олиб борилган. Жумладан, 118 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган. Шундан 68 нафари доимий ишга, 20 нафар аёл мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган. Бундан ташқари йил бошидан 21 нафар фуқарога имтиёзли кредит ва 9 нафар фуқарога субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминланган.

Ўрганишлар давомида маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган бирламчи муаммолар, уларни ҳал этиш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, маҳаллада яшовчи фуқаро Ойгул Aбдуллаева билан суҳбат ўтказилди.

О.Aбдуллаева бугунги кунда хонадонида томорқа ер майдонидан унумли фойдаланган ҳолда гулчилик билан шуғулланиш орқали ўз даромадини ошириб келмоқда. Шунингдек, хонадон эгаси гулчилик қилиш орқали ўтган йили 50 миллион сўм соф фойда олишга эришди. Унинг бу йилги режаси 70 миллион сўм соф даромад олиш. Ишчи гуруҳ аъзолари маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан имтиёзли давр билан 33 миллион сўм кредит олиб ўз бизнесини бошлаган яна бир тадбиркор “Робия торт” ширинликлари корхонаси иш фаолияти билан танишди. Тадбиркор бугунги кунда 3 нафар ишсиз хотин-қизни доимий иш билан банд қилиб келмоқда. Корхона раҳбари Г.Таджимуратова жорий йил 1 июль ҳолатига 45 миллион сўм соф даромад олганини ҳамда ўз бизнесини ривожлантириш мақсадида яна 100 миллион сўм имтиёзли давр билан кредит олишга ҳаракат қилаётганлигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг яна бир манзили тумандаги “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Ушбу маҳалла еттилиги томонидан жорий йил бошидан ўтказилган хатлов натижасида 127 нафар ишсиз аниқланган. Уларнинг бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 35 нафар фуқаро доимий ишга, 15 нафар аёл мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган. 32 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатдан ўтказилиб, ўз оилавий тадбиркорликларини ташкил қилган. Бундан ташқари йил бошидан 22 нафар фуқарога имтиёзли кредит ва 5 нафар фуқарога субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминланган.
Маҳаллада янгидан ташкил қилинаётган тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштириш орқали ишсизларни тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган. Маҳалла аҳолиси асосан тадбиркорлик билан шуғулланиш орқали ўз даромадларини яхшилаб келаётгани қайд этилди.
Ишчи гуруҳнинг аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиши давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири