Чегараолди ҳудуд ёшлари билан учрашув
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг чегараолди ҳудудларидан бири, бугунги кунда “Туризм қишлоғи” мақомини олган Нанай қишлоғида Республика Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ёшлар билан учрашув ўтказди.
Даставвал, қишлоқ кўчалари бўйлаб, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар иштирокида ватанпарварлик карвони саф юришлари бўлиб ўтди.


Янгиқўрғон тумани ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлган мазкур мулоқотда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов бугунги кунда ёш авлод камолотига қаратилаётган эътибор бераётганлигини таъкидлади. Қолаверса, миллий армиямизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар хусусида ҳам батафсил тўхталиб ўтди.


Қўмондон чегара ҳудуд ёшлари билан очиқ мулоқотга киришиб, мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган ҳарбий йўналишдаги олий ўқув юртлари ҳамда уларнинг имкониятлари ва мутахассисликлари бўйича батафсил маълумот берди.
Қизғин савол-жавоб руҳида кечган тадбир якунида, унда фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшларга Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди.



Оқилхон Дадабоев, ЎзА.