Чегарачилар ҳарбий қасамёд қабул қилди
Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги ДХХ Чегара қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўташни бошлаган аскарлар Ватанга қасамёд қабул қилди.
Тадбирда Хонобод шаҳридаги ҳарбий қисм сержант ва офицерлари, аскарларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда сўз олган ҳарбий қисм командири, подполковник Х.Рўзиқулов ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, ҳарбий хизматчиларнинг хизматни юқори савияда ўташи учун зарур барча шароитлар яратилганини таъкидлашди.
[gallery-11600]
Ўзбекистон мадҳияси янгради. Сўнг кенг майдон узра саф тортган ҳарбий аскарлар тантанали равишда Ватанга қасамёд қабул қилди. Ҳарбий қисмда аскарларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги, маънавий-маърифий билимларини ошириш учун зарур барча шароитлар яратилган. Кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар аскарларнинг хизмат ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.
– Ҳарбий қисмда фарзандларимиз учун яратилган шароитлар билан танишдик, – дейди Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидан хизмат бурчини ўташ учун келган оддий аскар Ботиржон Шариповнинг онаси Ферузахон Суюнова. – Очиғи, бу ердаги шароитларни кўриб, хурсанд бўлдик. Хизматни аъло даражада ўташ учун барча қулайликлар ва имкониятлар яратилган. Ишонаманки, фарзандларимиз ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юрт ҳимояси йўлида муносиб хизмат қилади.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр ва бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА