Чавандозларимизнинг шашти баланд
Жорий йилги спорт мавсуми чавандозларимиз учун муваффақиятли бошланганидан хабарингиз бор. 2024 йилнинг илк кунлариданоқ турли мамлакатларда ўтган халқаро турнирларда от спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бирин-кетин шоҳсупага кўтарилмоқда.
Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида ҳам икки чавандозимиз – Хуршидбек Алимжонов ва Бекзод Қурбонов нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилди.

Жумладан, Россиянинг Москва вилоятида от спортининг конкур йўналиши бўйича “Maxima Master Team” мусобақасининг учинчи босқич беллашувларида қатнашган Хуршидбек Алимжонов “Champions League” лақабли тулпорида 135 см баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтиб, бронза медалига сазовор бўлди.
От спортининг конкур йўналишида Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ташкил этилган “CSIO 4*” таснифидаги халқаро мусобақада эса Бекзод Қурбонов “Santos Hippika” лақабли тулпори билан 140 см баландликдан сакраб ўтиб, олтин медаль соҳибига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА