Чавандозимизнинг Қозондаги муваффақиятлари
Хуршидбек Алимжонов — «Татаристон Республикаси Раиси соврини» мусобақасининг мутлақ ғолиби.
Қозон шаҳрида от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича «Татаристон Республикаси Раиси соврини» мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Хуршидбек Алимжонов «Champions League» лақабли оти билан иштирок этди.
Мусобақанинг биринчи кунида чавандозимиз баландлиги 135 сантиметр бўлган тўсиқлар оша от сакратиш йўналишида энг яхши натижани қайд этиб, биринчи ўринни эгаллаган бўлса, сўнгги кундан ўрин олган беллашувларда Хуршидбек Алимжонов тўсиқ баландлиги 140 сантиметр бўлган йўналишда ҳам барча рақибларини ортда қолдириб, ғолиб бўлди.
Шу тариқа, икки кунлик мусобақа якунларига кўра, Хуршидбек Алимжонов «Татаристон Республикаси Раиси соврини» мусобақасининг мутлақ ғолибига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА