ChatGPTга ҳаётингизни ишонасизми?!
Ҳозирги кунда сунъий интеллект технологиялари, айниқса, ChatGPT турли соҳаларда кенг қўлланилмоқда. Жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам фойдаланувчилар томонидан инсон соғлиғига оид тиббий маълумотлар билан мурожаат қилиш кескин кўпайган. Бу эса нафақат ёрдам бермоқда, кези келса тушунмовчиликларга ҳам сабаб бўляпти. Айримлар уни тезкор ахборот манбаи ва дастлабки йўналтирувчи восита сифатида кўрса, бошқалар унинг тиббий тавсиялари нотўғри талқин қилинса, хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Шу сабабли, амалиёт жараёнида ChatGPTдан фойдаланиш билан боғлиқ реал кузатувлар ва ҳолатлар жамоатчилик эътиборини тортяпти. Масалага тиббий нуқтаи назардан ойдинлик киритиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази мини-инвазив бўлими онколог-эндожарроҳ шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Анвар Тўйчиевдан саволларимизга батафсил жавоб олдик:
– Шу кунга қадар амалиётимиз давомида сунъий интеллект, хусусан ChatGPT билан боғлиқ бир қатор қизиқарли ҳолатларга дуч келдик. Айрим беморлар ўзларида кузатилаётган симптомларни ёзиб, сунъий интеллектдан изоҳ олишга ҳаракат қилишади. ChatGPT эса берилган маълумотлар асосида эҳтимолий тиббий ҳолатлар ҳақида умумий таҳлил беради ва одатда шифокорга мурожаат қилиш ёки қўшимча текширувлардан ўтишни тавсия қилади. Баъзи ҳолларда айнан шу тавсиялар орқали беморлар тиббий кўрикдан ўтиб, касалликлар эрта босқичда аниқланган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу каби мисоллар ChatGPTни шифокор ўрнини босувчи мутлақ диагностика воситаси сифатида қабул қилиш учун асос бўла олмайди. Сунъий интеллект тиббий қарор қабул қилувчи мутахассис эмас, балки мавжуд маълумотлар асосида умумий тушунтириш ва йўналтирувчи тавсиялар берувчи ёрдамчи тизим ҳисобланади.
Сўнгги вақтларда тиббиёт соҳасида сунъий интеллектдан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Баъзи фойдаланувчилар тиббий тавсияларни тўлиқ текширмасдан қабул қилиб, ўз-ўзини даволашга уринишлари оқибатида нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Шу сабабли, ҳар қандай сунъий интеллект тавсияларини фақат қўшимча ахборот сифатида қабул қилиш, асосий тиббий қарорларни эса албатта шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиш лозим.
Бугунги кунда сунъий интеллект тиббиётда ёрдамчи восита сифатида қўлланмоқда. У маълумотларни таҳлил қилиш, эҳтимолий йўналишларни кўрсатиш ва фойдаланувчини тегишли мутахассисга йўналтиришда фойдали бўлиши мумкин. Лекин ҳар бир инсон организми индивидуал эканини ҳисобга олсак, якуний ташхис ва даволаш фақат шифокор томонидан белгиланади.
Шуни аниқ айтишимиз мумкинки, сунъий интеллект тиббиётда фойдали ёрдамчи восита бўла олади, бироқ у ҳеч қачон шифокорнинг ўрнини боса олмайди. Энг тўғри ёндашув уни қўшимча ахборот манбаи сифатида ишлатиш ва барча тиббий қарорларни мутахассис тавсияси асосида қабул қилишдир.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ёзиб олди.