Цемент-бетон қопламали йўл камхарж ва сифатли
Йўлларнинг таъмирталаблиги энг оғриқли масалалардан бири саналади. Биргина Қашқадарё вилояти мисолида олсак вилоят маркази Қарши шаҳрининг ўзида ҳам муаммоли йўллар исталганча топилади. Бугун жаҳон тажрибасида синалган цемент-бетон қоришмасидан қилинаётган йўллар анчагина камхарж ва узоқ муддат чидамлилиги билан аҳамиятлидир. Боз устига бундай йўлларни қуриш учун зарур хомашё юртимизда етарли. Шу боис охирги йилларда цемент-бетон қопламали йўл қуриш кўлами кескин ошмоқда. Айниқса, узоқ вақт таъмирталаб бўлиб қолган ички йўлларга цемент-бетон қопламаси ётқизилаётгани аҳолига ҳам анча маъқул келмоқда. Маҳалла ва гузарлардаги йўллар тобора равонлашиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур қарорга асосан ўтган йили Қашқадарёда жами 190 километр узунликдаги йўлларга цемент-бетон қопламаси ётқизиш кўзда тутилган эди.
[gallery-10453]
Воҳада фаолият кўрсатувчи “Модернизация махсус сервис” масъулияти чекланган жамияти мазкур ташаббус рўёбини таъминлаётган тадбиркорлик субъектларидан бири саналади. Асосан йўл қурилишига ихтисослашган ушбу корхонада айни пайтда бу вазифани адо этиш учун зарур имконият бор. Ўтган йили бу ташаббус доирасида Қамаши туманида цемент-бетон қопламали йўлларни барпо қилишга киришган тадбиркорлик субъекти цемент-бетон қоришмаси тайёрловчи замонавий заводни ишга туширган. Хитой технологиясига асосланган, автоматлаштирилган ушбу завод соатига 80 тонна бетон қоришмаси тайёрлаш қувватига эга.
Корхона масъулларининг таъкидлашича, ўтган йил Қамаши туманидаги 10 километр узунликдаги ички хўжалик йўлларига цемент-бетон қопламаси ётқизилган. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Келгусида тадбиркорлик субъектини йўл қурилиш соҳасидаги кластерга айлантириш режалаштирилган. Жумладан, бетон учун зарур хомашёни шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни ташкил этиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда хориждан қум-шағал қазиб олиш имконини берувчи ускуналарни олиб келиш, қолаверса, воҳада хомашё етарлилигини ҳисобга олиб, цемент маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов