Бюджет маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилмаган: 40 мингта аёлдан атиги 7 мингтасига субсидия берилган
Қонунчилик палатаси мажлисида 2025 йилги Давлат бюджети ижроси муҳокама қилинар экан, халқ вакиллари эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда Давлат бюджети ижросида мавжуд айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, ҳисобот даврида бюджетдан етарлича маблағлар ажратилишига қарамасдан айрим вазирлик ва идоралар томонидан бюджетдан ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирилмагани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Жумладан, академик лицей битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 93 фоиз этиб белгиланган бўлса-да, амалда 85,8 фоиз бажарилган. Талабалар турар жойларида 12 мингта ётоқ ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Аммо бу 90,7 фоизга бажарилган.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига ажратилаётган маблағлар ҳам тўлиқ ўзлаштирилмаган. Ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 40 мингта кам таъминланган хотин-қизларга ажратилиши керак бўлган субсидиялар атиги 7 мингта аёлга ажратилган, холос. Умуман, ижтимоий соҳада бир қанча йўналишларга ажратилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмаган, маблағлар эгаларига етказилмаган.
Халқ вакиллари Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун етарли маблағлар ажратилаётган бўлсада, нега ижроси тўлиқ бажарилмагани билан қизиқди. Бу каби қатор саволларга вазирликлар томонидан тегишли жавоблар қайтарилиб, тушунтиришлар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА