“Бузуқ” трактор қарз тўлангач, юриб кетди
Қашқадарёда МИБ ходимлари билан боғлиқ қизиқ ҳолат юз берди. МИБ ходимлари вилоятнинг Миришкор туманидаги фермер хўжаликларидан бири хорижий кластер корхонасига 105 миллион сўм миқдордаги қарзини тўламасдан келаётгани сабабли фермернинг “ТТЗ-80” русумли тракторини хатлашга киришади. Хатлов пайтида қарздорлар трактор носозлигини, шу боис юрмаслигини таъкидлашади.
Аммо масъулиятли давлат ижрочиси бўш келмайди. Ишни ярим йўлда қолдирмай тракторни кран ёрдамида юк машинасига ортиб, жарима майдончасига олиб боради.
Ҳозир айни мавсум. Агротехник тадбирлар учун трактор жуда зарур. Фермер кўп ўтмай қарзни тўлиқ қоплади. Қизиғи шундаки, тракторни олиб кетиш учун бу сафар кран эмас, фақат ўзининг калити кифоя қилди. “Носоз” трактор ўт олиб юриб кетади.
Қонун устувор. Унга риоя қилишга эса барчамиз масъулмиз.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири