Бузоқнинг югургани сомонхонагача
Мамлакатимизда кейинги 7 – 8 йил мобайнида тадбиркорликни ривожлантиришга ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги иш ўринлари яратиб, ишлаб чиқаришни ривожлантирган ва солиқларни ўз вақтида тўлаган тадбиркорларга эса кўплаб имтиёзлар берилаётганини ҳам шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бироқ шоли курмаксиз бўлмайди деганларидек, ана шу имтиёзлардан тўғри фойдаланиш ўрнига, солиқ қарзларини тўламай, турли ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириб юрган тадбиркорлар ҳам, афсуски, орамизда йўқ эмас.
Жумладан, Жиззах вилоятида солиқ қарзини тўлашдан бўйин товлаб юрган “Чапсан-капсан” масъулияти чекланган жамияти раиси Чаққонбой Чалабоев (географик атамалар ва жамият раисининг исми-шарифи ўзгартирилди) ана шундайлардан бири бўлиб чиқди. Унинг бу сафарги айёрона режаси мажбурий ижро бюроси ходими томонидан фош этилди.

МИБ нинг Зафаробод тумани бўлимининг иш юритувига мазкур МЧЖ дан солиқ қарзини ундиришга оид ижро ҳужжати келиб тушади. Давлат ижрочиси қарздорнинг мулкий ҳолатини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборади. Натижада, “Чапсан-капсан” МЧЖ га тегишли махсус техника мавжудлиги аниқланган, лекин солиқдан қарздорлиги бўлган МЧЖ раиси мазкур мулкини хатловдан яширганлиги сабабли ушбу техника воситасига нисбатан қидирув эълон қилинади.
"Бузоқнинг югургани сомонхонагача" мақоли бежиз айтилмаган. Қидирув натижасида ушбу юкловчи транспорт воситаси қўшни Сирдарё вилояти ҳудудида яширилаётганлиги аниқланди ва белгиланган тартибда вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига олиб келиб жойлаштирилди.
Эндиликда ушбу техника аукцион савдоларига чиқарилиши ва тушган маблағ ижро ҳужжати асосида Ч.Чалабоевнинг солиқ қарзини қоплашга йўналтирилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири