Буюк ва бетакрор санъаткор
Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида кўргазма очилди. У ўзбек эстрада хонандаси, драматург ва актёр Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига бағишланди.
Миллий эстрада санъати асосчиларидан бири, замонавий ўзбек маданиятини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшган буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрелда таваллуд топган. Унинг ижросидаги қўшиқлар халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, қачон янграмасин кишига ўзгача хуш кайфият бағишлайди. Ботир Зокиров 1956 йил “Ёшлик” ёшлар ансамблини ташкил этиб, катта шуҳрат қозонган. У куйлаган опера ариялари, ўзбек халқ қўшиқлари, хориж шлягерлари ўз даврида дунё бўйлаб тарқалган. Хонанданинг репертуаридан миллий қўшиқлар билан бир қаторда итальян, француз, испан, рус, юнон тилидаги қўшиқлар ҳам жой олган.
Ботир Зокировнинг қўшиқлари замонавий эстрада қўшиқ санъатининг асл намунаси сифатида Ўзбекистон радио ва телевидениесининг “олтин фонди” дан муносиб ўрин олган. Ўзбекистон халқ артистининг қўшиқлари турли миллат вакиллари томонидан ҳозирги кунга қадар мароқ билан тингланади.

Хонанда 23 ёшида машҳурликка эришган. Арабистонлик бастакор Фарида аль-Атрашнинг “Орзуларим машъали”, кўпроқ “Араб тангоси” номи билан танилган қўшиқ хонандани кўпгина давлатларда машҳур қилган ва кўп йиллар давомида унинг “ташриф қоғози” ҳам бўлган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган Ботир Зокировнинг ижодий изланишлари Ўзбекистонда санъатнинг умуман янги тури – эстрада жанрининг пайдо бўлишига олиб келган. Унинг “Араб тангоси”, “Газли”, “Қайдасан, азизим?”, “Раъно”, “Хаёлимда бўлдинг узун тун” ва бошқа қўшиқлари афсонавий бўлиб қолган. Улар Ўзбекистон санъатининг ёрқин ва ажралмас қисмига айланган. Хонанда куйлаш баробарида шеърлар, ҳикоялар ёзган. Жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилган. Улар қаторидан Теннесси Уильямснинг “Стеклянный зверинец”, Артур Лоуренснинг “Вестсайд қиссаси” Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асарлари 1967 йилда радио учун саҳналаштирилган. Ботир Зокиров мустақиллик йилларида “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Президентимизнинг 2021 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институтини ташкил этиш тўғрисида” қарорида Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш учун музей ташкил этиш белгиланган. Музейга Ботир Зокиров ва Зокировлар ижодий сулоласи ҳаёти ва фаолияти, миллий эстрада санъатимиз ривожланиши ва дунё миқёсида кенг тарғиб этилишини ёрқин акс эттирувчи экспонатлар, Ботир Зокиров ижодига мансуб тасвирий санъат намуналари ҳамда адабий асарлар жамланади.
Мазкур кўргазмани институтда ташкил этилаётган музей тақдимотининг дебочаси дейиш мумкин. Кўргазмага келган ёшлар хонанданинг ҳаёти ва ижодига бағишланган видеоролик ҳамда ижодкорнинг қаламига мансуб асарлар билан танишди.
Мадина Насриева, ЎзА