Буюк сиймоларга эҳтиром кўрсатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Олот туманида “Маънавият ва буюк сиймоларга эҳтиром” ойлиги доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.
Баёт маҳалласида жойлашган Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланган навбатдаги ана шундай тадбир буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганишга бағишланди.
Туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар ҳамда таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, Навоий ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди. Шоир ижодининг авлодлар тарбиясидаги ўрни хусусида сўз юритилди.
Маънавият ва маърифат масканида давом этган тадбирда Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур” ҳамда Ойбекнинг “Навоий” романлари асосидаги китобхонлик танлови ўтказилди.
Танлов ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз дурдоналари орқали уларда ватанпарварлик, маънавий етуклик ва тарихий хотирага ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадига қаратилди. Иштирокчилар асарлар мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилиш, қаҳрамонлар характерини очиб бериш ҳамда бадиий ғояни англаш борасида ўз билим ва салоҳиятларини намоён этди.
[gallery-27667]
Ижодкорларнинг ёш китобхонлар билан самимий суҳбатида бадиий адабиётнинг инсон маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, буюк аждодларимиз қолдирган меросни чуқур ўрганишнинг аҳамияти ҳақида фикр мулоҳазалар билдирилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА