Буюк саркардага эҳтиром – маънавият ва тарих уйғунлигида
9 апрель – буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллуд сана муносабати билан мамлакатимизда, жумладан, Қашқадарё вилоятида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ташкил этилмоқда. Бу каби тадбирлар халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Эрта тонгдан Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонида жойлашган Кўк гумбаз мажмуасида буюк соҳибқироннинг маънавий устози Шайх Шамсиддин Кулол мақбарасида хайрли тадбирлар ўтказилди. Унда қурбонлик қилиниб, улуғ зотлар руҳига Қуръон тиловатлари бағишланди. Бу эса халқимизга хос азалий қадрият –аждодлар хотирасига эҳтиром анъаналарининг давомийлигини намоён этди.
[gallery-28651]
Шундан сўнг, Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ташкил этилган асосий тадбирда вилоят ҳокими Муроджон Азимов бошчилигида сектор раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари Амир Темурнинг давлатчилик тарихидаги беқиёс ўрни, унинг мустаҳкам бошқарув тизими, кучли ҳарбий стратегияси, илм-фан ва маърифатга берган эътибори ҳақида атрофлича тўхталди. Шунингдек, буюк аждодимиз орзу қилган адолатли ва тараққий этган жамият ғоялари бугунги Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг экани таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг ёрқин хотирасига эҳтиром бажо келтирди.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар нафақат буюк аждодлар меросини улуғлаш, балки ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни тарихдан сабоқ олишга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари