Буюк ғалабани госпиталда нишонладим
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 февралдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида масъуллар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимизнинг табриги етказилиб, уларга совға-саломлар ва пул мукофотларини топширилмоқда.
Бугунги кунда Андижон вилоятида уч нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда 200 нафарга яқин фронторти меҳнат фахрийлари эл-юрт ардоғида ҳаёт кечирмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан омон қайтган юртдошларимиздан бири Пахтаобод тумани, Бобур маҳалласида яшаётган, бир аср билан юзлашган табаррук инсон Умарали ота Отабоевдир.
Бир гуруҳ фахрийлар, фаоллар Умарали ота Отабоевни йўқлаб, унинг хонадонида бўлди, байрам билан муборакбод этди.
Умарали Отабоев 1942 йилнинг август ойида урушга сафарбар қилинган. Маълум тайёргарликдан сўнг 1- Украина фронтига қарашли қўшинлар таркибида жангга кирган. Украина, Польша, Чехия сингари қатор давлатларни фашист босқинчиларидан озод этишда қатнашди. 1944 йилнинг октябрь ойида елкасидан жароҳат олиб, Ростов областидаги госпиталда даволанган. Даволаниб чиқгач, яна фронтга кетади. 1945 йилнинг февралида Германия ҳудудидаги жангларнинг бирида жароҳат олиб, яна госпиталга тушиб қолади.
Умарали ота буюк ғалабани шифохонада кутиб олган. Даволаниб чиқгач, 1945 йилда уйига, Пахтаободга қайтган.
Урушдан соғ-омон қайтган Умарали ота оила қурди, қатор фарзандларни тарбиялаб, эл қаторига қўшди, Юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилди.
– Биз кўрган уруш балосини фарзандларимиз асло кўрмасин, – дейди қаҳрамонимиз. – Шукрлар бўлсин, бугун Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ёшларимиз бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етсин. Тинчлигимизга кўз тегмасин.
Кўрсатилган ҳурмат-эътибордан мамнун Умарали ота юртимизга тинчлик, осойишталик ва қут-барака тилаб, дуо қилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари