Буюк давлат ва сиёсат арбоби
30 январь – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни
Навоий шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида 30 январь – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан “Буюк давлат ва сиёсат арбоби” мавзусида хотира кечаси ташкил этилди.
Ёшлар, ҳарбий қисм аскарлари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширган эзгу ишлари ҳақида гапирди.
[gallery-15679]
– Шундай инсонлар борки, бутун ҳаёти, фаолиятини юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида бағишлайди. Бундай инсонлар ҳар дақиқа, ҳамма вақт яхши ном, яхши хотиралар билан ёдга олинаверади, – дейди Ички ишлар бошқармаси тасарруфидаги Навоий академик лицей ўқитувчиси Ф.Адизова. –Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримовни ана шундай инсонлар қаторига қўшамиз. Афсуски, Биринчи Президентимиз орамизда йўқ. Аммо тилларимизда, қалбларимизда, хотираларимизда Ислом Каримов ҳамиша биз билан бирга, бизнинг орамизда.
Ҳа, бағри кенг инсон, эл-юрт манфаатини ҳар нарсадан-да устун қўйган бу буюк зот ҳеч қачон унутилмайди. Хотираларимизда мангу яшайверади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари