Буюк Британияда ташкил этилган стажировка муваффақиятли якунланди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчиларининг Буюк Британияда ташкил этилган қисқа муддатли стажировка дастури муваффақиятли якунланди.
Хусусан, “36 Stone”, “Mayer Brown”, “Law Society” ҳамда бошқа етакчи адвокатлик фирмаларида ўқув машғулотлари ўтказилиб, халқаро ҳуқуқ амалиёти, юридик хизматлар кўрсатиш тизими ва замонавий юридик тажрибалар юзасидан билим ва кўникмалар мустаҳкамланди.

Стажировка давомида тингловчилар замонавий юридик тажрибага эга бўлиш, хорижий экспертлар билан мулоқот қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда профессионал алоқаларни кенгайтириш имкониятига эга бўлди.

Стажировка якунида иштирокчиларга дастур доирасида олган билим ва кўникмаларини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.
Шунингдек, Институт раҳбарияти ва тингловчилар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда стажировка давомида орттирилган тажрибалар, илғор хорижий амалиётлар, ўқув машғулотлари жараёнида олинган билимлар ҳамда уларни миллий ҳуқуқий амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур стажировка тингловчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда замонавий юридик билимларни амалиётга татбиқ этиш борасида муҳим аҳамият касб этди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА