Бухоронинг ихтирочи аёллари тақдирланди
Бухоро Давлат университетида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги доирасида “Ихтирочи аёллар – 2022” хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
– Мамлакатимиз илм-фан тараққиётида олима аёлларнинг ўрни беқиёс, –дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсманнинг) Бухоро вилояти минтақавий вакили Олий Мажлис Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова. – Юртимизда хотин-қизлар, хусусан, илм-фан соҳасида инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этаётган олима, ихтирочи хотин-қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Давлатимиз томонидан уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан ўтказилаётган “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги ҳам ана шундай эзгу ишлардан биридир.
[gallery-8214]
Иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишлаб ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган хотин-қизлар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш ва уларнинг ташаббуслари ҳамда интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳафталик мақсадидир. Шунингдек, хотин-қизларнинг илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотларни яратиш ва ҳаётга татбиқ этишни қўллаб-қувватлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш орасидаги узвийликни ривожлантиришни тарғиб қилиш асосидаги лойиҳа ва ғоялар муаллифлари (интеллектуал мулк эгалари)ни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришдан иборатдир.
Яна бир муҳим томони хотин-қизларни замонавий касбларни эгаллаш орқали илмли бўлишга тарғиб қилиш, уларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинаётган қонунчилик асослари билан яқиндан таништириб боришдир.
Тадбирнинг аҳамиятли томони шундаки, олима аёллар, ўқитувчи, ихтирочи, рационализатор, муҳандис, лойиҳачи, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд, аграр соҳа вакилалари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар ҳамда талаба қизлар ўртасида самарали илмий-ижодий алоқаларни йўлга қўяди.
“Ихтирочи аёллар – 2022” танловига ўнлаб ихтирочи ва рационализатор хотин-қизлар, олималар, докторантлар, магистрантлар, талаба қизлар, муҳандислар, лойиҳачилар, дастурчилар, ўқитувчилар, шифокорлар, фармацевтлар, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлаётган мутахассислар, давлат хизматчилари, аграр соҳа вакилалари, тадбиркор ҳамда ҳунарманд аёллар қатнашди. Улар тақдим этган ҳужжатлар ва тақдимотлар экспертлар Кенгаши томонидан таҳлил қилинди, ўрганилди. Тақдимотлар ичидан энг яхши лойиҳалар саралаб олинди.
“Ихтирочи аёллар – 2022” танловининг низом талабларига кўра якуний босқичда 10 та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА