Бухоронинг боқий номоддий маданий мерослари
Бухоро вилояти ўзининг ўзига хос ҳунармандчилиги, такрорланмас анъаналари, хуштам таомлари ва гўзал ижрочилик санъати билан ажралиб туради.
Бухоронинг зираворлари оламга машҳур бўлиб, ҳудуд тоғ ёнбағирларида етиштирилган гиёҳлар, сархил шифобахш ўсимликлардан тайёрланган зиралар ҳамиша харидоргир бўлган. Ҳар йили айнан Бухоро шаҳрида “Ипак ва зираворлар” фестивалининг ўтказилиши ҳам бежизга эмас.
Шунингдек, Бухоро тилласи ҳам азалдан донгдор ва машҳур бўлган. Бунда, албатта, заргарларнинг ҳам ўрни катта. Чунки бухоролик заргарлар нафақат тилладан, балки бошқа металлардан ҳам нафис ва гўзал тақинчоқлар ясаган. Бухорода асрлар давомида сақланиб, асрдан-асрга янада сайқалланиб, ривожланиб келаётган заргарлик мактаби шаклланган.
Мамлакатимизда мустабид тузум барҳам топганидан сўнг халқ амалий санъатининг қирққа яқин турлари, жумладан, ҳунармандчилик ва мусаввирлик, тасвир санъат уйғунлашган каштачилик, сўзаначилик, зардўзлик, патдўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, мисгарлик, пичоқчилик равнақ топа бошлади.
Ҳар бир йўналишда уста ҳунармандлар санъат даражасида маҳсулот яратиш баробарида ўнлаб шогирд етиштириб, улар кўмагида сайқал берган ўз шахсий коллекциялари, бетакрор буюмларини нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам мухлису мутахассислар эътиборига ҳавола қилиб, катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлмоқдалар.
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази томонидан бугунги кунда ҳудудда истиқомат қилиб келаётган асрий анъаналарни давом эттираётган ҳунармандлар фаолияти ўрганилди. Улардан бири заргар Бахшилло Жумаев бўлиб, у Бухоро диёрида тараққий этган ва 1920 йилдан бошлаб бироз йўқолиш арафасида бўлган зардўзлик санъатини юксалтириш ва тараққий этиши учун ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Қарийб 50 йилдан буён зардўзчилик билан шуғулланиб келаётган Бахшилло Жумаевнинг рафиқаси ҳам айнан шу соҳада фаолият юритади. Фарзандлари ҳам ҳунармандчиликнинг бошқа соҳасидан кетган бўлса-да ўзбек миллий санъатининг дунё бўйлаб ёйилишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бухорода ўзига хос қўлбола қоғоз ишлаб чиқариш саноати азалдан шакллангани баъзилар учун янгилик бўлса, ажаб эмас. Бадиий миниатюра санъатига ошуфта мусаввирларимиз азалдан ўз асарларини ёки ҳаттотларимиз нодир қўлёзмалар, китобат санъатини ана шундай пишиқ ипак, увада ёки қамиш қоғозларга битиб, улар умри боқийлигини таъминлаганлар. Зеро, қоғоз тарихий ёзма манбаларнинг бизгача етиб келишида беқиёс аҳамиятга эга.
– Бухорода қадимдан сифатли қоғоз ишлаб чиқарилган, – дейди ёш ҳунарманд Акмал Муҳиддинов. – Биргина мисол, қадимий Пойкенд харобаларини археологик тадқиқ қилинганида, катта ҳунармандлар растаси фаолият юритгани, унда хумдон, рангрезлик, шишапазлик, дорупазлик каби шохобчалари бўлгани аниқланган.
Қоғозпазлик, қоғоз оқартириш, ёғлаш дўконларининг бўлгани тўғрисида қадимий шаҳар харобаларида 22 йил археологик қазув ишларини олиб борган Россия ва Ўзбекистон олимларининг изланишларида маълумотлар келтирилган. Бундан келиб чиқадики, Бухоро қоғозининг тарихи ҳам жуда узоқ даврни ўз ичига олади. Ёзув тарихига назар солсак, тоштахталар, қадимий ғорлар деворларидаги суратли ифодалар давр ўтиши билан қоғозга ўтгани сир эмас.
Бухоро ҳунармандлари орасида адрас ва атлас тўқувчилик санъати ҳам алоҳида тараққий этган. Бугун соҳада бир мунча номдор адрасчилар ҳам фаолият юритади.
– Иш фаолиятимни 12 ёшимдан бошлаганман, – дейди ҳунарманд Муҳаммадқул Жўраев. – Асосий устозим отам бўлган. Биз тўртинчи авлод ҳисобланамиз. Биз Бухорога водийдан келиб, устоз-шогирд мактаби очиб, адрас тўқишни ўргатяпмиз. Бухоро ҳунармандчилигини ривожлантириш марказида фаолият юритаман. Асосан Бухоронинг эски, қадимий адрас нусхаларини тиклаш, йўқолиб кетаётган адрас, атлас тўқиш сирларини ўргатиш билан шуғулланяпмиз.
Аноргул, номозшомгул, лолагул, чаёнгул каби қадимий турларининг ўзига яраша тарихи, маъноси бор. Масалан, чаёнгул ўтмишда кўз тегмаслик, оилага зарар етмаслик маъносини билдирган. Лолагул эса севги рамзи ҳисобланади. Капалак нусхалари гўзаллик, бодом – тинчлик рамзи ҳисобланади.
Дилобар Маматова, ЎзА