Бухорони нефт-кимё марказларидан бирига айлантириш имкони бор
Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган очиқ ва прагматик инвестиция сиёсати ўзининг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инвесторлар учун яратилган қулай муҳит, ҳуқуқий кафолатлар ва инфратузилмавий қўллаб-қувватлаш механизмлари Ўзбекистонни халқаро сармоядорлар учун жозибадор маконга айлантирди. Бугун инвестиция деганда нафақат маблағ жалб этиш, балки янги технологиялар, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар, экспорт салоҳияти ва минглаб иш ўринлари назарда тутилмоқда.
Бунинг ёрқин намунасини Бухоро вилоятида ташкил этилган замонавий нефт-кимё кластери мисолида кўриш мумкин. Бир неча йил аввал саҳро бағрида оддий чўл ҳудуди бўлган жойда бугун мамлакат саноати тараққиётининг янги рамзига айланган улкан ишлаб чиқариш мажмуаси фаолият юритмоқда.
2023 йилда давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида хорижий инвесторлар томонидан нефт-кимё кластерини ташкил этиш бўйича таклиф илгари сурилган эди. Эътиборлиси, мазкур ташаббус Президент томонидан дарҳол қўллаб-қувватланди. Барча тегишли вазирлик ва идораларга лойиҳани амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Натижада қисқа муддат ичида лойиҳа ҳудуди эркин иқтисодий зона таркибига киритилди, давлат бюджети ҳисобидан муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилиб, зарур инфратузилма яратилди. Айнан шу тезкорлик ва амалий ёрдам хорижий ҳамкорларни ҳайратга солди. Бу эса Ўзбекистонга нисбатан ишончни янада мустаҳкамлаб, қўшимча инвестиция лойиҳаларининг кириб келишига замин яратди.
Дарҳақиқат, дунё тажрибасида инвесторни жалб қилишнинг энг муҳим омили маблағ эмас, балки давлатнинг ишончли ҳамкор сифатидаги муносабатидир. Бухородаги мазкур лойиҳа айнан ана шу ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди.
Қиймати 340 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур корхона бугунги кунда минтақадаги энг йирик саноат объектларидан бири ҳисобланади. Заводда замонавий технологиялар асосида пиролиз маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилди.
Жорий йил май ойидан бошлаб корхонада йилига 100 минг тонна пиролиз дистиллятини қайта ишлаш қувватига эга қурилма тўлиқ фаолият бошлади. Бугунги кунда бу ерда кунига ўртача 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Энг муҳими, “Пиролиз газолини ва пиролиз дистиллятини қайта ишлаш орқали ароматик углеводородлар ишлаб чиқариш” лойиҳаси барча синов босқичларидан муваффақиятли ўтиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлади.
Бу эса нафақат мамлакатимиз эҳтиёжларини қондириш, балки ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулот экспорт қилиш имконини ҳам яратмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугун Бухоро вилояти саноат маҳсулотлари ҳажмида кимё ва нефт-кимё тармоқларининг улуши 42 фоизни ташкил этмоқда. Янги кластер тўлиқ қувват билан ишга тушгач, мазкур кўрсаткич 50 фоиздан юқори даражага чиқиши кутилмоқда.
Бу рақамлар ортида эса улкан иқтисодий самара мужассам. Янги ишлаб чиқариш қувватлари маҳаллийлаштириш даражасини оширади, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини кўпайтиради, экспорт тушумларини кенгайтиради ҳамда давлат бюджетига қўшимча маблағлар келтириб чиқаради.
Шу билан бирга, корхона тўлиқ ишга тушгач, 600 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилади. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қоровулбозор туманидаги “Чўлқувар” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган яна бир нефт-кимё мажмуаси ҳам соҳадаги истиқболли лойиҳалардан бири ҳисобланади. Қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу завод углеводород хом ашёлари ҳамда нефт-кимё чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳалар алоҳида корхона эмас, балки бутун бошли саноат экотизимини шакллантирмоқда. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, яқин йилларда ушбу тармоққа қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг қўшимча инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилган.
Бу эса Бухорони нафақат мамлакатнинг, балки Марказий Осиёнинг муҳим нефт-кимё марказларидан бирига айлантириш имконини беради.
Бухорода амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқламоқда: инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва инфратузилмани давлат томонидан таъминлаш иқтисодий тараққиётнинг энг самарали модели ҳисобланади.
Президентимиз томонидан инвесторларга берилган ишонч, ҳуқуқий кафолатлар ва амалий кўмак бугун ўзининг юксак самарасини бермоқда. Кечагина саҳро бўлган ҳудудда юзлаб миллион долларлик замонавий заводлар қад ростламоқда, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, юзлаб инсонлар иш билан таъминланмоқда.
Бухоро саҳросида барпо этилган нефт-кимё кластери оддий инвестиция лойиҳаси эмас. У мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвесторларга нисбатан очиқ сиёсат ва давлат раҳбарининг узоқни кўзлаган стратегиясининг амалий натижасидир.
Бугун мазкур кластер нафақат Бухоро вилояти, балки бутун Ўзбекистон саноати учун янги босқични бошлаб бермоқда. Энг муҳими, бу каби лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиши, экспорт салоҳиятининг ортиши ва халқимиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Саҳро бағрида ёқилган бу саноат машъали келажакда Ўзбекистон нефт-кимё саноатининг янги даврини ёритиши шубҳасиз. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг яна бир ёрқин саҳифаси сифатида тарихга муҳрланади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари