Бухоролик тиббиёт ходимлари эътироф этилди
Бухорода тиббиёт ходимларининг касб байрами куни муносабати билан тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбирга вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва ходимлари, тиббиётчи олимлар ва мутахассислар таклиф этилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов вилоятнинг барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини изчил ислоҳ қилиш орқали инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда вилоятда 80 ўринли 39 та янги хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди, 11 та янги давлат тиббиёт муассасаси ташкил қилинди, 22 та муассаса таъмирланди, 30 дан ортиқ муассаса замонавий талаблар асосида янгидан жиҳозланди, бунинг учун 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.
[gallery-20277]
Амалга оширилган ишлар натижасида вилоятдаги 138 та маҳаллага тиббиёт муассасалари кириб боришига эришилди. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш вилоятнинг энг олис ҳудудларигача етиб борди, соҳа тўлиқ рақамлаштирилди. Ўтган давр мобайнида 5 200 дан ортиқ юқори технологик операция амалга оширилди, бу орқали фуқароларнинг Тошкент шаҳрига бориб тиббий хизмат олиш зарурияти 3 бараварга камайишига эришилди. Шунингдек, аҳолини бепул дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 98 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Вилоятда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида 131 та контейнер негизида 138 та маҳалла тиббиёт пункти ҳамда амбулатор поликлиника муассасаларида 1 500 дан ортиқ кундузги шифохона ўрни ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш, соҳада туб ислоҳотлар ва муҳим дастурларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, ўзининг фидокорона меҳнати, билим ва малакаси билан аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтириш, илғор хорижий тажриба ва даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, юқори касб маҳоратига эга кадрларни тайёрлаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун тиббиёт ходимлари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида бухороликлар ҳам бор. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиали офтальмологи Ориф Сафаров II даражали “Саломатлик” ордени ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институтининг акушерлик ва гинекология кафедраси профессори Муҳайёхон Ҳамдамова “Соғлом турмуш” медалига муносиб кўрилди.
Тадбирда ушбу юксак мукофотлар билан бир қаторда “Халқ саломатлиги посбони” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонлари ҳам ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари