Бухоролик шифокорлар Хўжайлида
Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг тажрибали мутахассислари ва БухДТИ профессор-ўқитувчилари Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида навбатдаги хизмат сафарига боришди.
Бухоролик тажрибали тиббиёт ходимлари, Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларидан иборат 54 кишилик жамоада Республика Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиалидан ҳам мутахассислар жалб қилинган.
Асосий мақсад аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, даво муолажаларини белгилаш, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир.

Мутахассислар томонидан Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда ўз йўналишлари бўйича малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Филиал директори ўринбосари, хирург мутахассис Н.Саломов, болалар хирурги Ш.Ҳакимов, хирург Б.Ҳамроев, нейрохирург В.Саломов ва травматолог А.Ориповлар томонидан Хўжайли туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

–Кўрилган ҳар бир бемор бўйича даволаш-соғломлаштириш ишлари амалга оширилиши бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди, – дейди филиал директори ўринбосари, хирург мутахассис Н.Саломов. – Беморлар сараланиб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиш устида тайёргарлик ишлари олиб борилди.

Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хусусан жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни эрталаб ва кечки овқатдан сўнг пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш юзасидан давра суҳбатлар ўтказилиб, фуқаролар билан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга доир ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА