Бухоролик шифокорлар Хўжайлида
Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан тажрибали тиббиёт ходимлари, Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларидан иборат 47 кишилик шифокорлар гуруҳи Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда
– Асосий мақсад аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, – дейди Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Хушнуд Жалилов. – Шунингдек, даво муолажаларини белгилаш, бирламчи тиббий-санитария тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб боришдир.

Орол бўйи минтақасида экологик вазият ниҳоятда мураккаб. Бу эса ҳудудда кўплаб касалликлар авж олишига сабаб бўлмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ва шифокорлар гуруҳи иштирокида йиғилиш ўтказилди. Амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Тегишли тор соҳа мутахассисларидан иборат мобил тиббий бригадалар ташкил этилди. Улар томонидан Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда ўз йўналишлари бўйича малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Беморларга амбулатор ва стационар шароитда даволанишлари учун зарур тавсиялар берилди. Ҳар бир бемор бўйича даволаш – соғломлаштириш ишлари амалга оширилиши юзасидан келишиб олинди.


– Шу куниёқ қорақалпоғистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда маҳаллий аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди, – дейди Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Хушнуд Жалилов. – Ўттиз нафар юқори малакага эга мутахассис шифокорлар, махсус жиҳозланган мобил поликлиника ва ундаги юқори аниқликда ташхис қўйишга ихтисослашган УЗИ, ЭКГ, мобил маммография ва бошқа ускуналар воситасида 2 кун давомида 600 нафардан ортиқ фуқаролар саломатлиги текширилди. Аниқланган касалликлар бўйича 512 кишига амбулатор ва 88 нафар фуқарога стационар шароитда даволаниш тавсия этилди. Уларнинг 11 нафари жарроҳлик амалиётига тайёрланмоқда.



Шундан учтаси юқори технологик операциялар ҳисобланади. Ётоқ ҳолатидаги 4 нафар фуқаронинг уйига бориб тиббий кўрик ўтказилди ва даволаниши бўйича зарур тавсиялар берилди. Шунинг баробарида гуруҳ таркибидаги Бухоро вилоятининг Ромитан ва бошқа туманлари тиббиёт бирлашмаларидан сараланган илғор ҳамширалар ҳудуддаги кўп тармоқли марказий поликлиника ва унинг филиаллари, оилавий тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ҳамда ўзаро тажриба алмашинув тадбирларини ўтказмоқда. Бирламчи тизимда универсал-прогрессив модель бўйича патронаж ҳамшираларнинг кўникмалари ҳам оширилди. Жараёнда тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хусусан жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни эрталаб ва кечки овқатдан сўнг пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш юзасидан давра суҳбатлар ўтказилди. Соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича кўргазма ташкил қилиниб, фуқароларга мумкин ва мумкин бўлмаган маҳсулотлар бўйича батафсил тушунча берилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик жорий йилнинг 21 май кунига қадар давом этади.
Зариф Комилов, ЎзА