Бухорога зотдор моллар келтирилди
Қоракўл туманига Қозоғистондан зотдор моллар олиб келинди. Бугунги кунда четдан наслли қорамолларни олиб келиш ва чорва моллари зотини яхшилаш долзарб вазифа ҳисобланади.
Чорвачилик йўналишидаги “Барҳаёт Муҳаммад Ражаб парранда” фермер хўжалигида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Айни вақтда бу ерда 1200 бош симментал ва голштейн зотли моллар парвариш қилиняпти. Фермер хўжалиги томонидан аҳолига ҳам наслли чорва моллари етказиб берилмоқда.

Биргина ўтган 2022 йилнинг ўзида аҳоли хонадонларига 1500 майда шохли, шунингдек 500 бош наслли қорамол етказиб берилган. Жорий йил бундан ҳам кўпроқ наслли моллар етказиб бериш режалаштирилган.

Айнан ушбу мақсадда бугун мазкур фермер хўжалигига Қозоғистон давлатидан 150 бош зотли қорамоллар олиб келинди. Шу ойнинг охирига қадар хориждан яна шунча миқдорда зотдор мол олиб келиш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА