Бухородаги табиий офатга бир йил бўлди
Ўтган 2020 йилда бутун инсоният бошига турли синовлар ёғилди, юртимизда ҳам кетма-кет талофатлар юз берди. 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси республикамизга Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9-40 метргача тезликда эсган эди.
Бу табиий офат, айниқса, Бухоро вилоятига ўзининг сезиларли таъсирини ўтказиб, оқибатда иқтисодиёт тармоқлари жиддий зарар кўрди. Жумладан, нефть-газ, энергетика ва инфратузилма соҳалари, ижтимоий объектлар – касалхоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, кўп қаватли ҳамда аҳолининг якка тартибдаги уй-жойлари, қишлоқ хўжалиги экинлари, шунингдек, ғалла, пахта, мева-сабзавот майдонлари ва иссиқхоналар катта талофат кўрди.
Бундан сал ўтиб, 1 май куни Ўзбекистонда катта эҳтимол билан 1966 йилги зилзиладан кейинги ярим аср ичидаги энг йирик офат рўй берди – “Сардоба” сув омбори қуриб битказилганидан уч йил ўтар-ўтмай дамбанинг бир қисми ўпирилиб, тошқин юзага келди. Бухородаги табиий офат ҳам, Сардоба фожеаси ҳам халқимиз руҳиятига жуда қаттиқ зарба берди, одамларнинг метин иродасини синовдан ўтказди. Бухородаги кучли шамол, айниқса, Қоракўл ва Олот туманларига жуда катта талофат етказди.
2020 йилнинг муборак Рамазон ойи. Саҳарликка турган чоғимизда Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларни кузатиб, юрагим товонимга тушди. Кучли довул чоғида олинган видеолар ҳамда унинг оқибатлари тасвирга олинган расмларни кўриб, талофатнинг нақадар улканлигини ҳис қилиш қийин эмас эди. Ҳамма сайт ва тармоқларда, телеграм гуруҳларда шу мавзу.
Кўз олдимда ота-онам, ака-укам, янгаю жиянлар, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, қўйингчи, барча қишлоқдошларим гавдаланди – ҳамма омонми, соғ бўлишсин ишқилиб. Бошимда минг ўй-хаёл билан шошганча телефонга “чиқдим”. Онам, отам, акаларим, укам – ҳаммасига қиляпман, боғланиб бўлмайди, алоқа йўқ. Бу ёқда эса юрагим така-пука бўлиб боради. Бир амаллаб тонг оттирдик. Яна уйдагилар билан боғланишга уринаман, натижа йўқ.
Бир вақти пойтахтда яшайдиган қоракўллик дугонам қўнғироқ қилди. Туман марказидаги аммаси билан уй телефонида гаплашибди, ҳамма яхши, соғ-саломат, фақат офатдан зарар кўрмаган уй-жой қолмаганини айтибди. Тушга яқин бегона рақамдан телефон бўлди. Жавоб берсам, онажоним. Қаттиқ қўрқув, ваҳима ва ҳаяжондан бўғзига нимадир тиқилиб, йиғламсираб гапирарди – “Номерни танимадингми, қишлоқ бўйича битта қўшнимизни телефони ишлаб турипти, шундан қиляпман.

...Умримиз бино бўлиб бунақа офат кўрмаганмиз ҳали. Фақат киноларда кўрардик, жуда ёмон бўлди. Хавотир олма, ҳаммамиз яхшимиз, томлар учди, боғимиздаги дарахтлар қўпорилиб синиб кетди. Майли, муҳими, ўзимиз соғмиз, ризқимизни Аллоҳ беради. Зарар кўрмаган хонадон қолмаган. Бутун қишлоқ одамлари кўчада – бир-бирларининг уй-жойини, ошхонаю молхонаси, томорқа ерларининг аҳволини кўриб, ўзаро тасалли бериб юришипти, ҳамма ваҳимада. Давлатимиз ёрдам берар, бу аҳволда ташлаб қўймаса керак...”
Онаизоримнинг ваҳима ва қўрқув аралаш овози титраб чиқаётганини эшитиб, ўзимни зўрға тийиб турдим. Онам электр тармоқлари бутунлай ишдан чиққани, алоқа йўқлиги, фақат қўшнимизнинг телефони ишлаб тургани, узоқдаги яқинларига омонлигини айтиш учун навбат кутиб турганлар кўплиги, шунинг учун телефон қувватини асраш кераклигини айтиб, хайрлашдилар.
Роппа-роса бир йил олдинги хотираларни ёзяпману худди кечагидек ҳолат кўз олдимда гавдаланиб, кўзим жиққа ёшга тўлиб боради. Менку даҳшатли манзараларни фақат эшитдим, расм-видеоларда кузатдим холос. Тўфоннинг даҳшатли овози, шифер ва бошқа буюмларнинг осмонда учиб юрган ҳолатининг гувоҳи бўлган одамларнинг кучли ваҳимасини, қанчалик қўрқувга тушганини эса англаш, ҳис қилиш қийин эмас.
Давлатимиз раҳбари талофат оқибатларини кўриш, қўрқувда қолган халққа далда бўлиш мақсадида тезлик билан Бухорога борди. Олот туманида аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашиб, зарур чоралар кўрилишини айтди. “Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз”, деб таъкидлади Президентимиз. Давлат раҳбарининг эътибори, ғамхўрлиги Олот ва Қоракўл халқига катта мадад бўлди, аҳоли тоғдек таянчи борлигини ҳис қилди, ёлғиз эмаслигидан, ўз ҳолига ташлаб қўйилмаганидан кўнгли кўтарилди.
28 апрель. Тушдан сўнг ҳалиги дугонам яна қўнғироқ қилди: “Эшиттингми, энди сув тошиб келаётганмиш Туркманистон томондан. Бутун халқ кўтарилиб, Бухоро шаҳри томонга қараб йўлга чиққанмиш...Биров тош тушармиш деяпти...” Бу ваҳима тунда юраги олинган одамларни янада қўрқувга солди. Кимдир машинада, кимдир трактор юкламасида, уловсизлар пиёда йўлга чиқишипти. Йўллар эса тирбанд, бу тирбандликда узоққа боролмаслигини англаган бировлар эса Қоракўл қирларининг нисбатан баландроқ қисмларига ўрнашиб олишган – кимдир бешикдаги чақалоқлари билан, кимлардир тўшакка михланиб ётган касаллари, қариялари билан... Бутун манзара қиёмат қойим.
Онам айтганларидек, давлат қараб тургани йўқ. Юз берган табиий офат оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, авария-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни ҳамда зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Мазкур фармойишга асосан Бухоро вилоятидаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 100 миллиард сўм маблағ давлат бюджетидан ажратилди.

Кутилмаган талофатдан зиён кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун қўшни вилоятлардан ҳам қўлигул усталар келди, қурилиш материаллари, зарур барча техника ва технологиялар, мутахассислар жалб қилиниб, барча ҳудуд обод қилинди. Бу жараёнлар телевидение орқали мунтазам ёритиб борилди, одамларнинг ҳам ташвиш, ҳам қувончларидан телевизор орқали хабардор бўлиб турдик.
Ушбу талофатдан бир йил ўтиб, бугун Олот ва Қоракўл туманлари қиёфаси тубдан янгиланди. Кўчалар, қишлоқ ва маҳаллалар обод бўлди, фуқароларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Аммо одамлар қалбидаги ўша ваҳима, қўрқув ҳамон унутилгани йўқ. Бироз қаттиқроқ шамол бўлса, юрак ҳовучлаб ўтирадиган бўлиб қолишган. Буни ўтган йили ёзда, бу йил Наврўз байрамида ота уйимга борганимда гувоҳи бўлдим. Яқинда эса яна бир ваҳимали миш-миш тарқалиб, аҳолини қўрқувга солибди. Бир куни амаким телефон қилиб қолдилар:
– Қизим, 1-2 май кунлари ўтган йилгидай талофат, кучли шамол такрорланармиш. Ҳамманинг оғзида шу гап, ваҳима. Нима гап ўзи, бирор хабар борми шу ҳақда?
Нохуш хабар тез болалайди. Майда-чуйда гап-сўзларга, миш-мишларга эътибор қаратмайдиган инсон ҳам ёмон хабар ҳақида ўйланиб қолади. Бу инсон табиатига хос хусусият. Амакимга бу бўлмаган гап эканлигини, кимлардир ижтимоий тармоқларда “очко” олиш учун тарқатган бўлиши мумкинлигини тушунтирдим. Аввало, Аллоҳ ҳаммани ўзи асрасин, дея тасалли бердим.
Ростдан ҳам ёмон хабар кишини ўйлантирар экан. Бу миш-миш ҳақида расмий маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази билан боғландим.
– Марказимиз томонидан амалга оширилаётган гидрометеорологик кузатувларимиз давомида жорий йилнинг 1-2 май кунлари Бухоро вилоятида сиз айтганингиздек об-ҳаво кузатилмайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази гидрометреологик маълумотлар бўлими бошлиғи Дониёр Турғунов. – Аммо шуни ҳам таъкидлаб ўтишим лозимки, шамол эсиши бўйича прогноз маълумотлар 1-2 кун олдин аниқланади. Ҳозирча 28 апрель ҳолати бўйича ўрганишларимиз мобайнида кучли шамол эсиши бўйича маълумотлар аниқлангани йўқ.
Эҳ, соддагина амакижоним, қўни-қўшним, маҳалладошим, юртдошим. Кетма-кет келган кулфатлардан юрагингиз қўрқув ичида қолгани рост. Ваҳима руҳингизни таҳликага солгани бор гап. Аммо бундай қўрқув, ваҳима, офату кулфат, ғам-ташвиш, оғир синовли дамлар энди ҳеч қачон бошингизга тушмасин. Ҳамиша яратганнинг паноҳида бўлинг. Улуғ Рамазон ойларида юрт осойишталиги, эл саломатлиги учун қилинаётган дуоларимиз ижобат бўлиб, ҳамиша роҳатда яшанг. Инсон қадри баланд бўлган юртда қаддингизни баланд тутиб, фаровонликда умргузаронлик қилиш насиб қилсин.
Муҳтарама Комилова, ЎзА