Маданий мерос
Аждодлари амир саройида ишлаган бухоролик темирчи Шокир Камоловнинг қўлига болға олиб, темирга жон киритиш учун интилганига мана қарийб 70 йилдан ошди. Ота-бобосининг касбини давом эттириб, уста халқ орасида обрў-эътибор қозонди. Нафақат, Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларига у ясаган буюмлар кириб борди. Темирчилик билан шуғулланиб келаётган Шокир Камолов ўз сулоласининг бешинчи авлоди. 5 асрлик устахонада ҳозир ҳам маҳсулотлар эски усулда, қўл меҳнати билан тайёрланади. Бухорога келган хорижликлар Аркни томоша қилиш билан бирга халқ тилида Сарой Кулита деб номланувчи, саройдаги 16-асрда бунёд этилган темирчилик устахонасига ҳам кириб ўтишади. Ушбу устахонада ўз даврида донг таратган уста Шамсиддин, уста Шариф каби темирчилар ишлаган. Бугун эса уста Шокир фарзандлари – Шавқиддин ва Завқиддин Камоловлар билан бирга бобомерос касбини давом эттиришмоқда.
–Ҳозиргача ота касбини давом эттириб келаяпман, –дейди Ўзбекистон халқ устаси, ҳунарманд Шокир Камолов. –Айни кунда устахонада 7- авлод ишлаб турибди. Мен 5- авлод ҳисобланаман.
Шокир Камолов темирчилик касбининг ортидан кўп юртларни кезди. Дунё мамлакатларига бориб, ўз маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил қилди. У хориж ҳунармандларининг ноёб асарларини таҳлил қилди. Пировардида Бухоронинг асл пичоқларини яна юртга қайтарди.
[gallery-18705]
–Устахонамизга келган туристлар маҳсулотларимиздан харид қилишади, –дейди темирчи Шокир ота. –Ўзимизнинг юртдошларга ҳам турли уй-рўзғор буюмлари – кетмон, ўроқ, болғалар ясаб берамиз. Туристлар эса кўпроқ Дамашқ пўлатидан ясалган пичоқлар, қайчи, шамдон ва турли идишларга қизиқишади. Ота-бобомиз қандай усулда ишлаган бўлса, биз ҳам ўша усулда, болға билан ишлаб келяпмиз. Тўғри, ҳозирда замонавий босқонлар кўп, аммо улардан фойдаланмаймиз. Ота-боболарим амир саройида ишлаган. Шу сулоланинг вакили эканлигимдан фахрланаман.
Устанинг маълум қилишича, темирчиликнинг меҳнати оғир бўлгани сабабли четдан шогирдлар кўп келмайди. Келганлари ҳам маълум муддат ўтгач, ташлаб кетишар экан. Шу сабабли, сулоланинг усталари бу касбни асосан ўз фарзандларига кичик ёшидан ўргатиб келишган.
1992 йилда темирчилик устахонасида музей ҳам ташкил этилган. Мазкур музейда сулола вакиллари томонидан турли йилларда ясалган буюмлар, тарихий темирчиликлар намуналари, эришилган ютуқлар, чет давлатлардаги кўргазмаларда қўлга киритилган сертификатларни кўриш мумкин. Ўзбекистон халқ устаси ҳозирда яна бир музейни ташкил қилиш устида иш олиб бормоқда.
–Отамдан мерос қолган асбоб-ускуналар борки, мен уларни ташлаб юбора олмайман. –дейди уста. –Кўплаб давлат мукофотларини олдим. Буларнинг бари давлатимизнинг оддий бир темирчи устанинг меҳнатига бўлган эътибори ва эътирофидир.
Музейда бугун мингдан ортиқ экспонатлар жой олган. Улар орасида 4-авлод уста Шариф ясаган кўплаб буюмларни ҳам учратиш мумкин. Умуман олганда, қадим Бухоронинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган мўъжаз устахона қанчадан-қанча сирларни ўзида сақлаб келмоқда. Бу бой дурдонани асраб-авайловчи усталар эса бугун ўз меҳнатидан ҳақиқий роҳатни ҳис қилиб яшашяпти.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари