Бухорода заргарлик кластери очилди
Ўзбекистон иқтисодиётида хомашёни чуқур қайта ишлаш ва тайёр қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш стратегик устувор йўналишга айланди. Айниқса, заргарлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий анъаналарни замонавий саноат технологиялари билан уйғунлаштириш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бухоро шаҳрида фаолиятини бошлаган “ELLA JEWELRY” масъулияти чекланган жамияти негизидаги заргарлик кластери нафақат ҳудудий, балки республика миқёсидаги ана шундай тизимли ўзгаришларнинг амалий ифодаси бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 38 миллиард сўмни ташкил этиши ва 120 та янги иш ўрни яратилиши мазкур тармоқнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти нақадар юқори эканлигини кўрсатади.
Корхонанинг асосий мақсади миллий заргарлик анъаналарини замонавий дизайн ва халқаро стандартлар билан уйғунлаштирган ҳолда, рақобатбардош миллий бренд яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат. Мазкур кластернинг ишга туширилиши заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда классик ҳунармандчиликдан юқори технологик саноат усулига ўтиш даври бошланганидан далолат беради. Туркиянинг илғор технологик ишланмалари ва инновацион дизайн ечимлари билан жиҳозланган 1 362 квадрат метрлик ишлаб чиқариш майдонида юқори аниқликдаги заргарлик буюмлари тайёрланиши йўлга қўйилди.
[gallery-27754]
Эътиборли жиҳати, ишлаб чиқариш жараёнининг занжирсимон ташкил этилгани, хусусан, марказ ичида “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг қимматбаҳо металлар омбори жойлаштирилгани тадбиркор учун логистика харажатларини минималлаштириш имконини берди. Бу тизим ишлаб чиқарувчининг вақтини тежаш билан бир қаторда, тилла хомашёсини тўғридан-тўғри банк захирасидан олиш орқали узлуксизликни таъминламоқда.
“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг маълумотларига кўра, 2023 – 2025 йиллар давомида соҳада эришилган натижалар тармоқнинг жадал ривожланаётганини тасдиқлайди. Хусусан, ўтган давр мобайнида заргарлик корхоналари сони 1 344 тадан 2 210 тагача кўпайди. Соҳада банд бўлган ишчи-ходимлар сони эса 1 500 тадан 5 785 нафарга етиб, иш ҳақи фонди 242 миллиард сўмдан 695 миллиард сўмгача ошди. Иқтисодий самарадорликнинг ўсиши натижасида давлат бюджетига солиқ тушумлари 177 миллиард сўмдан 435 миллиард сўмгача етди. Энг муҳими, қимматбаҳо металлар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 6 768 килограммдан 15 920 килограммгача, яъни икки баробардан зиёдга кўпайди.
Умуман олганда, “ELLA JEWELRY” каби кластерларнинг ташкил этилиши миллий заргарлик санъатини дунё бозорида муносиб ўрин эгаллашига, аҳоли бандлигини таъминлашга ва мамлакат имиджини юксалтиришга хизмат қиладиган стратегик нуқта бўлиб қолади. Туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув-лаборатория марказлари эса соҳа учун халқаро стандартларга жавоб берадиган янги авлод мутахассисларини тайёрлаш имконини беради. Бу каби лойиҳалар замирида нафақат иқтисодий фойда, балки миллий қадриятларни замонавий талқинда бойитиш ва Ўзбекистоннинг заргарлик саноатидаги мавқеини мустаҳкамлашдек эзгу мақсад мужассам.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари