Бухорода янги саноат босқичи
Бухоро нафақат қадимий тарих ва маданий мероси, балки саноат ва инвестициялар учун ҳам тобора жозибадор ҳудудга айланмоқда. Сўнгги йилларда вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилиши натижасида дунёнинг етакчи компаниялари Бухорога катта қизиқиш билдирмоқда. Ана шундай йирик ҳамкорлардан бири — Хитойнинг нефть-газ соҳасидаги нуфузли муҳандислик компанияси China Petroleum Engineering & Construction Corporation (CPECC) бўлди.
Ушбу компания Хитой Миллий Нефть Корпорацияси — CNPC таркибига киради. 1980 йилда ташкил этилган CPECC қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида нефть-газ саноатида дунё миқёсидаги энг йирик муҳандислик-пудрат компанияларидан бири сифатида эътироф этилиб келмоқда. Компания халқаро рейтингларда мунтазам равишда энг йирик 225 та пудрат ташкилоти қаторида қайд этилади.
CPECC нефть ва газ соҳасида тўлиқ ишлаб чиқариш циклини қамраб оладиган хизматларни тақдим этади. Хусусан, EPC (лойиҳалаш, ускуналарни етказиб бериш ва қурилиш) модели асосида йирик саноат объектларини барпо этиш, муҳандислик консалтинги, технологик қурилиш-монтаж ишлари, замонавий ускуналар ишлаб чиқариш, объектларни эксплуатация қилиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларда фаолият юритади.
Компания ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон энергетика соҳасида ишлаб келмоқда. Шу давр мобайнида у мамлакатнинг энг муҳим энергетика лойиҳаларида иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди.

Жумладан, CPECC “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш, Қандим газ кони учун умумий узунлиги 410 километрлик магистрал газ қувурини барпо этиш, 53 та қудуқ пункти ҳамда 24 та комплекс технологик станцияда газ йиғиш инфратузилмасини қуриш, Бухоро вилоятидаги газ-конденсат конларининг ер усти иншоотларини барпо этиш, шунингдек, “Марказий Осиё – Хитой” магистрал газ қувурининг Ўзбекистон ҳудудидаги компрессор станциялари ва ёрдамчи объектларини қуриш каби стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширди.
Эндиликда компания фаолияти яна бир муҳим босқичга чиқмоқда. CPECC “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки ҳудудида нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефть-кимё мажмуаларини модернизация қилишда қўлланиладиган замонавий технологик ускуналарни йиғиш бўйича янги ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу эса нафақат импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, балки юқори қўшилган қиймат яратиш, янги иш ўринлари очиш ва маҳаллий саноат салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Мазкур истиқболли лойиҳа юзасидан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда компаниянинг Ўзбекистондаги координатори Fang Zi You ўртасида музокаралар ўтказилди. Учрашувда лойиҳани амалга оширишнинг ташкилий, техник ва инвестициявий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида вилоят раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқ ва прагматик иқтисодий сиёсат туфайли Бухорода маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун барқарор ва ишончли бизнес муҳити шаклланганини таъкидлади. Шунингдек, махсус саноат паркида инвесторларга тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда қулай инфратузилма ҳақида батафсил маълумот бериб, ушбу лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатилишини билдирди.
Томонлар музокараларни изчил давом эттириш, техник-иқтисодий ҳужжатларни тайёрлаш ва лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш юзасидан келишувга эришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири