Бухорода ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида кенг нишонланиши муносабати билан республика бўйлаб ўтказилаётган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида Бухоро вилоятининг барча 516 та маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария-тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида мутасадди раҳбарлар Бухоро шаҳри ва туманларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини жойларда кўздан кечирди. Ўрганишлар давомида жамоат жойларини тартибга келтириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ҳамда пиёдалар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳаллаларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, йўл ёқалари ва ички кўчаларда тозаликни таъминлаш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, қуриган хас-хашакларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Ички кўчалардаги ноқонуний қурилмаларни демонтаж қилиш, пиёдалар йўлакларини барча аҳоли қатламлари учун хавфсиз ва қулай ҳолатга келтириш ишлари ҳам кўриб чиқилди.
[gallery-30729]
Бухоро шаҳрининг Ёшлик маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам ўрганилди. Дилкушо кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 1,6 километр автомобиль йўли асфальтланиб, 2,5 километр пиёдалар йўлаги барпо этилмоқда. Айни пайтда ичимлик суви ва табиий газ тармоқлари янгиланиб, замонавий автобус бекатлари, яшил ҳудудлар ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш режалаштирилган.
Вилоятда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари маҳаллалар қиёфасини янада яхшилаш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда мустақиллик байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА