Бухорода мард ўғлонлар хотирланди
Бухорода Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан жойларда ватанимиз тинчлиги учун жонини мардларча фидо қилган ўғлонларнинг оилаларидан хабар олинмоқда.

Дастлаб Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, секторлар раҳбарлари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари масъуллари ва жамоатчилик вакиллари марҳум ҳарбий хизматчи Акбар Файзиев хонадонида бўлди. Унинг оиласига совғалар топширилди. Мард ўғлонни камолга етказган ота-онасига миннатдорчилик билдирилиб, порлоқ хотираси ёдга олинди.

Акбар Файзиев 1986 йил 16 мартда Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро шаҳридаги 6-умумтаълим мактабини тугатиб, 2004 йилда Давлат хавфсизлик хизмати институтига қабул қилинган. Олий ўқув юртини тугатгач Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида чегара қўшинларида хизмат қилиб, майор ҳарбий унвонига эришган. Акбар Файзиев 2016 йилнинг кузида хизмат бурчини бажариш вақтида мардларча ҳалок бўлган.

Икки нафар фарзанди бор. Вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони асосида «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Ватанимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жасорат кўрсатиб, жон фидо қилган мард йигитлардан яна бири Фаррух Адилов 1990 йил 1 майда Олот туманида туғилган. Бухоро шаҳридаги 9-умумтаълим мактабини тамомлагач, 2009 йилда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга қабул қилинди. 2013 йилда тугатган. Олий ҳарбий таълимдан сўнг Фарғона вилоятидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда вертолёт борт-механиги лавозимда хизмат олиб борган. 2016 йил 18 октябрда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган.

Вилоят раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар марҳум ҳарбий хизматчининг оиласида ҳам бўлди. Учрашув давомида Фаррух Адиловнинг юксак фазилатлари, ҳарбий хизмат давридаги шижоати ва мардлиги ёдга олинди.

Ватан тинчлиги йўлида қилган хизматлари ҳеч қачон унутилмаслиги, доим эътибор ва эъзозда бўлиши таъкидланиб, байрам совғалари улашилди.
Зариф Комилов, ЎзА