Бухорода лимончилик янада ривожланади
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтган йилнинг сентябр ойида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида 50 гектарлик лимонзор мажмуасини барпо этиш лойиҳаси бошланган эди.
Умумий қиймати 79 миллиард сўм бўлган лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIСA) кредит линиясининг имтиёзли ресурс маблағи ҳисобидан “Туронбанк” АТБ томонидан молиялаштирилган.
Авваллари бир гектар лимонзорни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар 3 миллиард сўмгача қийматдаги импортни ташкил этган. Таклиф этилаётган ижтимоий лойиҳада эса бир гектар лимонзорни барпо этиш 1,1 миллиард сўмдан ошмайди. Лойиҳа тўлиқ ишга тушса 1000 та доимий иш ўрни яратилади.
Туманда йирик замонавий иссиқхона мажмуасини (лимонария) ташкил қилиш мақсадида ҳозирда ҳар бири 0,5 гектардан иборат 76 та иссиқхона лойиҳаси шакллантирилди. Туман ҳокимлиги, “Туронбанк” АТБ Бухоро филиали билан ҳамкорликда 76 нафар ташаббускор аниқланди. Уларга ер майдонлари ажратиб берилди. Айни кунда уларда қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.
Ҳудудда 14 гектар иссиқхона ер майдони 35 нафар ташаббускорга жами 21 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи асосида ажратиб берилган. Бу иссиқхоналар мажмуасининг ишга туширилиши 380 та доимий ва 760 та мавсумий иш ўрни яратиш имконини беради. Бу лойиҳада 400 нафар ёшни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
“Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги лимончилик мажмуасида ўтказилган ўқув-амалий семинарда шулар ҳақида сўз борди. Вилоят қишлоқ хўжалигига дахлдор идора ва ташкилотлар мутасаддилари, тижорат банклари масъуллари, лимончилик билан шуғулланиш истагини билдирган хўжаликлар ҳамда ташаббускор фуқаролар қатнашган тадбирда лимончиликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Вобкент туманида “Bahor garden” МЧЖ ва “Бек кластер” МЧЖлари томонидан 100 гектар майдонда янги лимонария барпо этиш белгиланган. Ҳозирда бу қарор ижроси сифатида Вобкент туманидаги “Bahor garden” МЧЖ томонидан 1 гектар иссиқхона қурилган бўлиб, кўчатларни экиш ишлари бошланган.
2020 йилда вилоятда қўшимча 2 гектар майдонда лимонзор барпо қилинган. Пешку туманидаги “Пешку лимончилик равнақи” ва Вобкент туманидаги “Bahor garden” МЧЖларида 1 гектардан ер майдонида иссиқхона яратиб, цитрус мева етиштириш ҳаракати бошланган.
Вилоятда аҳоли бандлигини ошириш мақсадида ҳар бир туманда 100 тадан аҳоли хонадонига 2 сотихли иссиқхонани имтиёзли кредит сармояси асосида қуриб бериш, бу хўжаликларда цитрус мева етиштириш, қолаверса, лимончилик уюшмаси томонидан иссиқхоналарда лимон кўчатларини агротехник талаблар асосида етиштириш ва буюртма асосида етказиб бериш тартиби жорий қилинаётгани ҳам хўжаликлар учун қулайлик яратилмоқда.
Семинарда тармоқ ривожи билан боғлиқ қатор омилларга эътибор қаратилгани ҳолда йиғилганларга жойларда барпо этиладиган лимонзорлар учун стандартлар, яъни кўчат нави ва сифати, экиш схемаси, иссиқхонага қўйиладиган талаблар, ресурс тежовчи технологиялар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Туманлардаги масъулларга лимончилик тармоғини ривожлантиришда хорижий тажриба ва ресурс тежовчи инновацион технологияларни жорий этиш, лимонзорларни ташкил этиш харажатларини молиялаштириш чораларини кўриш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА