Бухорода иқтидорли ёшлар сараланди
Спорт турлари орасида ҳар томонлама инсон учун энг фойдалиси, албатта, сув спортдир. Бугун мамлакатимизнинг қай ҳудудига борманг, замонавий ва барча шароитларга эга сув ҳавзаларини кўрасиз. Ушбу ҳавзаларда олдига улкан мақсад қўйган йигит ва қизларнинг сафи кўпаймоқда.
Маълумки, Ўзбекистон сузиш федерацияси томонидан республикамизнинг турли ҳудудларида, сузиш спорт турини янада оммалаштириш ва иқтидорли ёшларни саралаш ҳамда мамлакат чемпионати ҳамда кубоги, халқаро турнирларда юрт шарафини муносиб ҳимоя қилиш, вилоят терма жамоалари захирасини янада бойитиш мақсадида турли мусобақалар ташкил этилмоқда.

Бухоро шаҳридаги Сув спорти турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида умидли ва натижа кўрсата оладиган ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) мақсадида спорт тадбири ўтказилди. Унда жами 84 нафар ёшлар (улардан 20 нафари қизлар) иштирок этди. Тадбир сўнгида ўз иқтидорини ҳар томонлама намойиш эта олган ёшлар аниқланиб, уларга ташкилотчилар томонидан медаль ва диплом топширилди.
Шуни таъкидлаш, жоизки, Бухоро вилояти ёшлари кўпгина спорт турлари каби сузишда ҳам республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда совринли ўринларни банд этиб келади. Сузиш мусобақасида сараланган ёш спортчилар вилоятдаги маҳоратли спортчиларнинг муносиб издошлари эканини ва келгусида юксак марраларни забт этишини кўрсатди.

Эндиликда Ўзбекистон сузиш федерациясининг мутахассислари Навоий вилоятида бўлиб, бу ерда сув спорт тури бўйича олиб борилаётган самарали ишлар ва сув спорт турлари бўйича олиб борилаётган машғулотлар ҳамда иқтидорли ёшларни саралаш тадбирида иштирок этади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА