Бухорода ҳарбий техникалар марши ўтказилди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Бухоро шаҳри кўчалари бўйлаб уруш даврига оид ретро машиналар ва замонавий ҳарбий техникалар марши бўлиб ўтди.
Унда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Бухоро гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлар офицер, сержант ва аскарлари, Миллий гвардия шахсий таркиби, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти спорт-техника клубларининг авто ва мотоҳаваскорлари, туризм полицияси ходимлари, умуман, ҳарбий хизматда фойдаланилаётган техника ва бронетранспортёр(БТР)лар қатнашди.
Ҳарбий техникалар паради 8 километрдан ортиқ масофада ташкил қилинди. Арк қўрғони олдида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Бухоро гарнизони ҳарбий бўлинмаларига янги замонавий техникалар топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими, Мудофаа вазирлиги масъуллари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, фахрийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов сўзга чиқди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлиги, билим ва касбий малакасини ошириш, исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Тадбир доирасида ҳарбий қисмларнинг вакилларига ноқулай йўл ва ҳудудларда ҳам бемалол ҳаракатланиш хусусиятига эга бўлган 20 га яқин бортли тентли автофургонлар топширилди. “Uz AutoTRAILER” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур автомобиллар ҳарбий хизматчилар шахсий таркиби ва юкларни ташиш, турли техника ва қурол-аслаҳани шатакка олган ҳолда кўчириш учун мўлжалланган. Йўлтанламас автофургонлар ҳарбий хизматчилар ва юкларни ёмғир, қор, қуёш, шамол ва чангдан ишончли ҳимоя қилади.
Шаҳардаги Марказий маданият ва истироҳат боғида Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилди.
Уруш йиллари қўшиқ ва мусиқалари ижро қилинди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Вилоят мусиқали драма театри, вилоят давлат қўғирчоқ театри, санъат ва маданият техникуми актёрлари, олийгоҳ талабалари ва ҳаваскор ёшлар уруш йилларида халқимиз бошидан кечирган аччиқ машаққатларни яхлит сюжет ҳолида саҳна кўринишлари орқали кўрсатиб берди.
[gallery-2343]
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА