Бухорода болалар байрами шодиёнаси
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Бухоро вилоятида ташкил этилган асосий байрам тадбири юксак савияда ва кўтаринки руҳда ўтказилди. Болажонларнинг қувончли кулгиси, ранг-баранг чиқишлар, қизиқарли лойиҳалар ҳамда ижодий ташаббуслар билан безатилган байрам майдони ҳақиқий шодиёна масканига айланди.
Байрам доирасида “Келажак марказлари”, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилди. Турли маҳорат дарслари, амалий машғулотлар ва расмлар танловлари орқали ёшларнинг билим ва қобилиятлари намоён бўлди.

“Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари!” шиори остида ўтказилган асфальтга расм чизиш акцияси тадбирнинг энг қизиқарли лойиҳаларидан бирига айланди. Унда иштирок этган истеъдодли болалар ўз орзу-интилишлари, бахтли келажак ҳақидаги тасаввурларини ранглар орқали ифода этиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, “Болаларга китоб беринг” китоблар ярмаркаси ёш китобхонларни бир жойга жамлади. Ярмарка орқали болаларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш, уларни маънавий камолот сари йўналтириш мақсад қилинди.

Тадбир давомида спорт мусобақалари, миллий халқ ўйинлари, турли танловлар ва кўнгилочар дастурлар ташкил қилиниб, иштирокчиларга қувончли лаҳзалар улашди. “Жонли табиат” лойиҳаси, ижодий майдончалар ҳамда интерактив машғулотлар эса болаларнинг табиатга меҳри ва ижодкорлик салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Байрамнинг энг ёрқин қисмларидан бири ёш истеъдодлар иштирокидаги гала-концерт дастури бўлди. Куй-қўшиқлар, миллий ва замонавий рақслар, жозибадор саҳна чиқишлари иштирокчилар ва меҳмонларга унутилмас байрамона кайфият бағишлади.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган болажонлар эсдалик совғалари ва қимматбаҳо туҳфалар билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири