Бухорода “Археологик парк” барпо этилди
Бухорода ички ва ташқи сайёҳлик тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган “Археологик парк”нинг тантанали очилиш маросими бўлди.
Тадбирда хориждан ташриф буюрган сайёҳлар, жамоатчилик ва маҳаллий аҳоли вакиллари, туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаси мутахассислари, археолог олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров кириш сўзи билан очди. Таъкидланганидек, ушбу тарихий макон қайта тикланган сайёҳлик майдони сифатида хорижий туристлар ва маҳаллий аҳоли учун янги эксклюзив туристик объект бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, қадим шаҳар меҳмонлари, сайёҳлар учун берк бўлган мазкур гўша нақ 103 йилдан сўнг ниҳоят барчага ўз бағрини очадиган бўлди. Аҳамиятли жиҳати, ЮНEСКО томонидан қўллаб-қувватланиб, Франциядаги машҳур Лувр музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида қадимий ғишт бўлаклари ва тошлардан йўлаклар, айвонли шийпон барпо этилди. Сайёҳлар учун бир қатор қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнида Арк қўрғони орқа томонининг чамаси 120 метрли девор қисми пишган ғишт билан қоплангани ҳам унинг тарихий аҳамиятини йўқотмаган.
Тантанада бевосита лойиҳа иштирокчиси, республикада таниқли архитекторлардан бири саналган Елизавета Некрасова, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов, мазкур университет профессори, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев, маданий мерос соҳаси мутахассиси Туйғун Бобоевлар “Археологик парк” нинг очилиши билан барчани қутлади.
Шундан сўнг маданият ва санъат вакиллари, вилоят мусиқали драма театри актёрлари жамоаси томонидан тайёрланган Арк қалъасида тарихий воқеликка оид театрлашган саҳна кўринишлари, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлимлари санъаткорларининг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Алвон лента қирқилгач, тантанада ҳозир бўлганлар “Археологик парк” ҳудуди бўйлаб сайр қилишди. Ҳудудда қисман сақланиб қолинган Абдулғозий мақбараси, Хонақоҳ ва ҳаммом, ҳудуддан топилган осори атиқалар музейи ва бошқа иншоотлар бу қадимий паркка келадиганларда катта таассурот қолдириши тайин.
[gallery-13709]
Маълумот учун: қадимдан савдо, санъат ва илм-фан бешикларидан бири бўлган кўҳна ва боқий Бухоронинг эски шаҳар кўчалари бўйлаб юраркансиз, ўрта асрларнинг сирли руҳини ҳис қилиш мумкин. Унинг савдо гумбазлари, Лаби ҳовуз ва Пойи калон каби улуғвор меъморий ансамбллари, қадим Арк қалъаси каби муаззам маданий мерос иншоотлари, шунингдек, маҳаллий халқнинг миллий ўзлиги, тарихи, ранг-баранг маданияти, гастрономик салоҳияти, анъаналари сайёҳларни мафтун этиб келмоқда.
Шу каби материалларни мунтазам кузатиш учун телеграм каналимизга аъзо бўлинг!
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА