Бухоро: халқ таълими тизимида янги ташаббус
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан мактаб директорлари учун ҳаракатдаги ўқув-семинари йўлга қўйилди.
–Бундан кўзланган асосий мақсад – таълим-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган педагогик жамоаларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева. – Шунингдек, намунали таълим муассасалари сафини кенгайтириш, раҳбарларнинг ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш орқали таълим сифати ва самарадорлигини оширишдир.

“Директорлар ўқуви” эндиликда ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасида халқ таълими бўлимлари мудирлари раҳбарлигида тегишли туман ва шаҳар ҳудудидаги намунали таълим муассасаларида сайёр тарзда ташкил этилади.
Дастлаб ҳар ойнинг биринчи ҳафтасида халқ таълими бўлимларининг таклифлари асосида ўқув семинарлари ўтказиладиган таълим муассасалари, вақти, мавзулари ва тренерлар рўйхати тайёрланади. Бошқарманинг тегишли бўлимлари ва масъуллари билан ҳамкорликда ўқув семинар мавзулари юзасидан тақдимот материаллари ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиб, жойларга етказилади.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида дастлабки директорлар ўқув-семинарлари бўлиб ўтди.
Ўқув-семинарлари вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан берилган тавсияларга кўра, тренер-ўқитувчилар томонидан замонавий техника воситаларидан фойдаланган ҳолда интерфаол методлар асосида ўтказилди.

Тақдимот, савол-жавоб, очиқ мулоқот ва баҳс-мунозара тарзида ўтган семинарларда иштирокчилар берилган долзарб мавзулар доирасида кўплаб маълумотлар, кўникма ва тавсияларга эга бўлди.
Эндиликда мазкур ўқув-семинарини ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилиб, 2022 йилнинг 1-чорагидан сариқ ва қизил мактабларда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА