Бухоро хабарлари – қисқа сатрларда
Ҳар бир мурожаат назоратда
Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига келиб тушган юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бюрога жами 4758 та мурожаат келиб тушган. Шундан 4533 тасининг ҳал қилиниши таъминланган.

Мурожаатларнинг 2362 таси қаноатлантирилган. 1199 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 2170 та мурожаатга тушунтиришлар берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида жами 2926 нафар, шундан 138 нафар юридик шахснинг вакиллари қабул қилинган. Хусусан, жойларда ташкил қилинган сайёр ва оммавий қабулларда 148 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатлари ҳал қилинган.
Кўриб чиқилиб, ҳал қилинган мурожаатларнинг 3612 таси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги мурожаатлар бўлиб, шундан 2234 таси алимент ундириш билан боғлиқ мурожаатлардир.
Ўғилой “Инсон” кўмагида ишли бўлди
Бухоро вилояти Когон туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўмаги билан бир гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар давлат идораларида ўз иш фаолиятини бошлади.

–Тумандаги Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Ўғилой Носирова болалигидан спортнинг шахмат тури билан шуғулланади, –дейди туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Зафар Қобилов. –2023 йилда ногиронлиги бўлган спортчилар ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон кубоги” мусобақасида 2-ўринни эгаллаган, 2014 йилда эса шахмат бўйича 1-разряд олган Ўғилойнинг спортдаги ютуқлари инобатга олиниб, тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига шахмат тренери лавозимига ишга жойлаштирилди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўмаги билан “vacancy.argos.uz” платформаси орқали ариза қолдириб, суҳбат асосида ишга қабул қилинган қаҳрамонимиз ҳозир 30 нафардан ортиқ шогирдига ақл гимнастикаси ҳисобланган шахматдан сабоқ бермоқда.
“Оғир тоифа”даги ёшлар рўйхатдан чиқарилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2023 йил 11 апрель куни “Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси бўйича Бухоро вилояти Ромитан туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 24 нафар ёш Бухоро давлат педагогика институти ректорига бириктирилган эди.
Ёшлар Ромитан туманининг “Деча”, “Тошработ”, “Челонғу” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилади.
Бириктирилган ёшларнинг 1 нафари нотинч оилада яшайди, 8 нафари профилактик ҳисобда,13 нафари хорижий миграциядан қайтган, 2 нафари пробация ҳисобида туради.
Институт ректори Б.Маъмуров ушбу ёшлар билан ўзининг яшаш манзилида суҳбатлар ўтказди. Уларни Бухоро давлат педагогика институтига таклиф этган ҳолда учрашувлар ташкил этди.

Учрашувлар давомида ёшларнинг 2 нафарига қўшимча томорқа ер майдонлари ажратилди. 2 нафари қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда компьютер саводхонлиги ва спорт тўгаракларига жалб этилди. 4 нафар ёш профилактик ҳисобдан, 1 нафари пробация ҳисобидан чиқарилди. Бириктирилган ёшларнинг 5 нафари “оғир тоифа”далиги сабабли тузалиш йўлига қайтди. Натижада улар рўйхатдан чиқарилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари