Бухоро вилоятининг инновацион тараққиёти тарихида янги саҳифа
Бугунги кунда инновация ва рақамли технологиялар дунё иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришда стартапларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқариш ва уларни халқаро бозорлар билан боғлаш ҳар бир ҳудуд тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Шу маънода, Бухоро вилояти учун АҚШда эришилган навбатдаги халқаро келишув нафақат ҳудуд, балки мамлакат инновацион тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида жойлашган, дунёдаги энг нуфузли инновацион платформалардан бири — Plug and Play Tech Center бош офисида Бухоро вилояти делегацияси ҳамда компания раҳбарияти ўртасида юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар якунлари бўйича Бухорода стартап экотизимини жадал ривожлантириш, инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий истиқболли лойиҳаларни халқаро майдонга олиб чиқишга қаратилган “Bukhara 100” дастурини амалга ошириш юзасидан стратегик ҳамкорликка эришилди.
Учрашувда Plug and Play Tech Center бош директорининг аппарати раҳбари (Chief of Staff) Ребекка Россер ҳамда Plug and Play Ventures ҳамкори (Partner) Иван Згомба иштирок этди. Суҳбат давомида Бухорода инновациялар экотизимини шакллантириш, иқтидорли ёшлар ва стартап жамоаларини халқаро акселерация дастурларига жалб этиш, венчур инвесторлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, сунъий интеллект ва илғор технологиялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Эришилган келишувга кўра, “Bukhara 100” дастури доирасида Бухоро вилоятидаги энг истиқболли стартап лойиҳалари саралаб олинади. Улар учун халқаро даражадаги инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилиб, иштирокчилар Plug and Play'нинг кенг қамровли глобал инновация тармоғи, йирик корпоратив шериклари ва дунёдаги етакчи венчур инвесторлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.

Бу ҳамкорлик орқали бухоролик ёшлар томонидан яратилган инновацион маҳсулот ва хизматларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, хорижий инвестициялар ҳамда венчур капиталини жалб қилиш, рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматга эга янги иш ўринларини яратиш ва ҳудудда инновацион тадбиркорлик муҳитини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Эътиборлиси, мазкур келишув Бухорони тарихий ва сайёҳлик марказигина эмас, балки инновациялар, юқори технологиялар ва стартаплар ривожланаётган замонавий ҳудуд сифатида дунёга танитишга хизмат қилади. Бу эса ёшлар учун глобал имкониятлар эшигини очиб, уларнинг ғояларини халқаро миқёсда муваффақиятли бизнесга айлантиришга мустаҳкам замин яратади.
Сан-Францискода имзоланган ушбу стратегик ҳамкорлик Бухоро вилояти инновацион тараққиёти тарихида янги саҳифа очади. Энг муҳими, бу келишув юртимиз ёшларининг иқтидорига бўлган ишонч, уларнинг билим ва ғояларини дунё бозорига олиб чиқишга қаратилган амалий қадамдир. Энди Бухорода туғилган энг яхши ғоялар нафақат мамлакатимизда, балки Силикон водийси ва жаҳон бозорларида ҳам ўз ўрнини топиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу эса Бухорони инновациялар харитасида янада ёрқин порлайдиган ҳудудлардан бирига айлантириши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири