
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳарчасига яқин ҳудудда ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар тарқалди.
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган хабарга кўра, бугун 10 февраль куни соат 11:26 да “Газли” магистрал газ қазиш бошқармасининг диаметри 1020 мм бўлган 26 кг босим остидаги “Бухоро-Урал” МГҚнинг ер остидан ўтган 106 км.да (энг яқин аҳоли маскани Ромитан тумани “Қизил работ” маҳалла фуқаролар йиғинидан 40 км узоқликда) авария содир бўлган.
Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида соат 11:30 мурувватлари ёпилиб, қолдиқ газларни чиқиб кетиши кузатилган. Ҳозирда авария тўлиқ бартараф этилган. Воқеа жойига вилоят ФВБ, Ромитан тумани ФВБ бошлиғи 1 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири