Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан сайланган Раъно Исматова Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий амалий тиббиёт марказининг вилоят тери таносил касалликлари диспансери Бухоро филиалида кейинги пайтда олиб борилган таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.
Шифохонадаги таъмирлаш ишлари ўтган 2024 йилдаги “Очиқ бюджет” давлат дастури доирасида амалга оширилган бўлиб асосий буюртмачи Бухоро вилояти инжиниринг компанияси ДУК, пудратчи эса “Капитал сифат қурилиш файз” МЧЖ ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этади.


Депутат Р.Исматова ўрганишлар якуни бўйича раҳбарлар билан ўтказилган мулоқотда беморлар учун барча шароитлар яратилганлигини алоҳида эътироф этди.
***
“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди. Тадбирда Когон туманида жойлашган, улгуржи нефть маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи “I.-S.” МЧЖда 59,8 тонна Ai-80 маркали автобензин давлат стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.

Натижада, қоидабузарлик учун корхонага 288,9 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. Шунингдек, мазкур МЧЖга қолдиқ ҳолда сақланаётган сифатсиз нефть маҳсулотларини сотувга чиқармаслик ва уларнинг сифатини қайта тиклаш бўйича кўрсатма берилди.
***
Юртимизда фаолият юритувчи МЧЖлардан бири томонидан хориждан импорт тариқасида олиб келинган, ҳужжатларда “оқ цемент ишлаб чиқариш учун гилина хомашёси” сифатида кўрсатилган товарни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш учун божхона органлари декларация тақдим этилди.

“Хавфни бошқариш” ААТ мазкур товарни дастлаб “сариқ йўлак”ка йўналтирган бўлса-да, божхона ходимлари гумонларга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу юкларни “қизил йўлак”ка йўналтирди ва холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Товарларни классификациялаш бўйича ходимларининг ўрганишларида мазкур маҳсулот “оқ цемент ишлаб чиқариш учун гилина хомашёси” эмас, балки “цемент клинкери” экани тасдиқланди.
Натижада, 105 миллион сўмга тенг божхона тўловларидан бўйин товлашга қаратилган уринишнинг олди олинди.
Зариф Комилов, ЎзА