Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бухоро вилояти Ромитан туманига қарашли Газли шаҳарчасида 30 июнь – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда ўзбек, қозоқ, туркман, татар, тожик, рус ва бошқа миллат вакиллари бир оила аъзоларидек истиқомат қилиб келаётган шаҳар аҳолиси вакиллари бир мақсад йўлида жам бўлди.


Туман Кенгаши депутати, вилоят қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Хазна Колбаева ташаббуси билан ўтказилган тадбирда шаҳардаги 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Ромитан тумани маданият бўлими ижодий жамоалари иштирокида концерт дастури барчага байрамона кайфият бағишлади.
***
Мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни доирасида ўтказилаётган тадбирлар, мулоқотлар кўп миллатли қоровулбозорликларни ҳам ягона мақсад сари бирлаштирди. Сана муносабати билан “Дўстлик фестивали” доирасида тумандаги “Ёшлар боғи”да тадбир ташкил этилди.

Дастлаб, турли миллат вакилларининг миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Туман ҳокими Ўткир Ҳамроев турли миллат вакилларининг миллий дастурхонидан ўрин олган таомлари билан танишди.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан ясалган ҳунармандчилик ишлари ҳамда китоблар кўргазмаси ҳам намойиш қилинди.
***
Бухоро шаҳридаги “Бухоро” оромгоҳида “Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва аҳиллик ғояларини ёшлар онгига сингдириш мақсадида ташкил этилди.

Вилоятдаги мавжуд миллий маданий марказлар аъзолари ҳамда оромгоҳда дам олаётган ёшлар иштирокида миллий рақслар, куй-қўшиқ ва бадиий чиқишлар ўзаро ҳурмат ва бирдамликни намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.