Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан соҳага оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик мақсадида доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
– Вилоят ҳудудида ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилишга алоҳида аҳамият берилсада, ерлардан ноқонуний фойдаланиш, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учраётгани ачинарли. Жумладан, бошқарманинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ой даврида 1 963 та ҳолатда 49,30 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш ишлари бажарилганлиги аниқлади. Қонуннинг мазмун моҳиятини нотўғри талқин қилиб, имтиёздан фойдаланиб қолиш ниятидаги фуқаролар ўзларига ҳам, соҳа мутахассислари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам ортиқча ташвиш яратиш ҳоллари кузатилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ер ва кадастр назорати шўъбаси бош мутахассиси Абдукарим Тойиров.
Зеро, юртимизда ҳар бир қарич ер давлат назоратида. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, уларда ноқонуний қурилмалар қуриб олиш эса, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келади.

* * *
Миграция агентлиги Бухоро ҳудудий филиали ҳамда “Микрокредитбанк” АТБ билан ҳамкорликда Германиянинг йирик компанияси ҳисобланган “nternational People GmBH and Co GK” билан уч томонлама меморандум имзоланди.
Тадбирда ушбу компания асосчиси Николаус Ричтер ҳамда унинг ижрочи директори Томас Форстер ва “Микрокредитбанк” АТБ раҳбарининг ўринбосари Шаҳло Ибрагимова иштирок этди.

Меморандумга кўра, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар йигирмадан ортиқ касб, шунингдек, немис тилига бепул ўқитилади. Ушбу ўқувларни муваффақиятли якунлаган бухороликлар учун 2500 АҚШ доллари миқдорида бошланадиган ойлик маошларни кафолатлайдиган иш ўринлари таклиф этилади.
Кадрларни тайёрлаш жараёни, тил ва касбга сифатли ўқитиш ишлари “Микрокредитбанк” АТБнинг ҳудудий филиали билан ҳамкорликда амалга оширилади.

* * *
Сўнгги йилларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини Бухоро вилояти мисолида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, Олот туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги устувор вазифалар кенг муҳокама қилинди.

– Ҳозирга қадар туманда 1800 нафар хотин-қизларга 60 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган, бунинг натижасида 2000 га яқин иш ўрни яратилган. Жумладан, туман марказида Сожида Низомова бошчилик қилиб келаётган “Sojida Atelye” МЧЖда “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 10 нафар хотин-қизлар аввалига тикувчилик сирларини ўқув марказларида ўрганиб, сўнгра малакали тикувчи бўлиб ишга қабул қилинди. Тикув цехида буюртма асосида аёллар ва болалар ҳамда махсус кийимлар тикиш йўлга қўйилган, – дейди “Халқ банки” Бухоро вилояти минтақавий маркази раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова.
Ҳудуддаги ўрганишлар давомида “Халқ банки” Бухоро вилояти минтақавий маркази томонидан хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларидан самарали фойдаланиш ва янги лойиҳа пакетларини тақдими борасида вазифалар белгилаб олинди.

* * *
“Ўзэнергоинспекция” томонидан иқтисодиёт тармоқларида энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишни таъминлаш ҳамда энергия аудитидан ўтказиш жараёнларини самарали ташкил этиш масалалари ўрганилмоқда.
Хусусан, жорий йилда 42 та корхонада энергия аудити ишлари якунланди. Унга кўра 256 та энергия истеъмоли иқтисодига қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Бухоро вилоятидаги текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Мерган текс” корхонасида ўтказилган энергия аудити хулосасига кўра, 1 069 минг кВт-соат электр энергияси ва 66,2 минг куб метр табиий газ иқтисод қилиш имконияти аниқланди.
Инспекция томонидан энергия ресурсларини иқтисод қилиш, технологик йўқотишларни олдини олиш, йирик корхоналарни аудитдан ўтказиш тартиби бўйича ҳудудларда ўрганишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.