
Болалар ва ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш мақсадида мамлакатимизда ҳар йили “Ёш китобхон” танлови ўтказилиши анъанага айланган.
Бухорода бўлиб ўтган “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида шаҳар ва туманлардан 1-ўринни эгаллаган жами 13 нафар иштирокчи 2 та шарт асосида беллашди.
Танловда “Бадиий асарлар билимдони” ва “Тезкор савол-жавоб” шартларида иштирокчиларнинг тайёргарликлари синовдан ўтказилди. Натижаларга кўра, 10-14 ёш тоифадаги баҳсларда Вобкент туманидан келган Ҳанифа Аҳророва танловнинг Республика босқичида қатнашиш учун йўлланмасини қўлга киритди.


***
Бугунги кунда коррупцияга қарши жамоатчиликнинг муросасиз муносабатини шакллантириш муҳим вазифа ҳисобланади. Мазкур йўналишда вилоят солиқ бошқармаси шахсий хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги аҳоли гавжум жойларда, савдо комплексларида коррупцияга қарши курашишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлар Бухоро шаҳридаги “Карвон” буюм бозорида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда Жондор тумани солиқ инспекциясида ташкил этилди.
Тадбиркорлар билан учрашувларда солиқ органлари томонидан фаолияти давомида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва ноқонуний аралашувларга дуч келганда солиқ қўмитасининг ҳамда вилоят солиқ бошқармасининг тегишли ишонч алоқа воситалари орқали мурожаат йўллашлари тушунтирилди.


***
Бухоро вилояти Қоракўл тумани Халқ қабулхонаси сектор раҳбарлари билан ҳудудларда 2025 йилнинг биринчи чорагида сайёр қабуллар ўтказиш бўйича режа тасдиқлаб олинган.
– Режага асосан жорий йилнинг январь ойида 14 та маҳаллаларда оммавий сайёр қабул ташкил қилинди, – дейди туман Халқ қабулхонаси мудири А.Оққиев. – Ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида 60 нафар фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг 35 таси жойида ижобий ечимини топган.
Жумладан, Халқ қабулхонаси ҳамда 3-сектор раҳбари томонидан Осиё маҳалласида ўтказилган қабул жараёнида фуқаролар томонидан кўп йиллардан буён 450 метр ички йўл ёзда чанг қишда лой бўлишидан азият чекиб келаётганлиги бўйича фуқаролар номидан Асқаржон Мустоқовнинг қилган мурожаатига асосан йўллар шағаллаштириб берилди.


Шунингдек, туман ҳокими билан Полвонлар маҳалласида ўтказилган қабулда 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Марҳабо Олтиеванинг уй-жой қуришга маблағи йўқлиги, ҳозирда акасининг уйида вақтинчалик истиқомат қилиб келаётганлиги сабабли қуриш фундамент қисмига шағал сўраб қилган мурожаатига асосан фуқарога бепул шағал етказилди.
Бу каби сайёр қабуллар тумандаги бошқа маҳалларда ҳам ўтказилиб фуқароларнинг муаммолари бартараф қилиб келинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири