Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали яқинда Япон гранти асосида замонавий тиббиёт ускуналарини қўлга киритди. Бу лойиҳа асосида 111,7 минг доллар миқдордаги маблағларга “Гистероскоп” ва “Артроскоп” каби иккита замонавий ускунага эга бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хатори Такаши жаноблари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори М.Ражабов ўртасида грант шартномаси имзоланди.
Икки томонлама мулоқот ва муносабатлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.


* * *
Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари энергетика тармоғида фаолият кўрсатаётган корхонада сайёр ўрганишлар олиб борди.
Хорижий сармоя асосида бунёд этилган мазкур иссиқлик электр энергия станциясининг умумий қиймати 150 миллион долларга тенг бўлиб, вилоятдаги йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

295 МВт қувватга эга бўлган газ-поршенли электр станцияси Туркия инвестицияси асосида қурилиб, 2022 йилда Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига уланган. Бугунги кунда станция йилига 2,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, вилоят эҳтиёжининг 65 фоизини қопламоқда. Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, корхонага 2024 йил давомида хориждан умумий қиймати 18,9 миллион доллар бўлган технологик асбоб-ускуналар импорт қилган. Уларга қарийб 43,2 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган.
Корхона вакиллари учрашув давомида келгусида таъмирлаш ишлари учун зарур техник воситаларни импорт қилишда божхона органлари томонидан тақдим этиладиган имтиёзлардан самарали фойдаланиш ниятида эканликларини билдирди.


* * *
Бухоро вилоятининг Ромитан, Қоракўл, Вобкент, Когон, Ғиждувон, Пешку, Бухоро, Олот ва Жондор туманларида жойлашган газ тўлдириш шохобчалари 167 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади.
– Йил давомида тизимда кўплаб қулайликлар яратилди, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобуржон Мамедов. – Ўз вақтида истеъмолчиларга газ баллонлари тарқатилди ва янги истеъмолчилар сони ошди. Шунингдек, “Газ тўлдириш иншооти – истеъмолчи” тамойили йўлга қўйилди. Бунда янги истеъмолчи газ баллони олиш учун газ тўлдириш шохобчасига ташриф буюриб, ходимга мурожаат этади.

Мутахассис томонидан эса батафсил маълумотлар берилади. Яъни унинг аризасига кўра хонадон ходимлар томонидан ўрганилади ва талабларга жавоб берилса, газ баллон ажратилади.
Шунингдек, газ баллонлари махсус синов цехларида синовдан ўтказилиб, аҳолининг хавфсизлиги ҳам таъминланмоқда. Ҳар қандай имконият бугун аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш ҳамда фаровонлигини таъминлаш экан, таъминот ходимлари бу борада мақсадли ишларни давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири