Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ахборотлар ҳаққоний, очиқ, ошкора ва тезкор бўлиши керак
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби — Шоҳруҳ Ғиёсов иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар қатнашди.
Очиқ мулоқотда Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги олиб борилаётган ишларни ёритишда оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бериладиган ахборотларнинг ҳаққонийлиги, очиқлиги, ошкоралиги ва тезкорлигига урғу берилди.
Пиротехника воситалари ноқонуний муомаласининг олди олинди
Қарийб 11 миллион сўмлик пиротехника воситалари ноқонуний муомаласининг олди олинди. Бу ҳақида Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси катта лейтенанти Муроджон Раҳматуллаев ЎзАга маълум қилди.
Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 23 ноябрь куни Бухоро тумани ҳудудида олинган маълумотлар асосида пиротехника воситаларининг қонунга хилоф равишда тарқалишига қарши курашиш мақсадида тадбир ўтказилган.
Унда, Бухоро тумани «Работиқалмоқ» МФЙ ҳудудида фуқаро Ж.Т. 1 дона картон қутини олиб кетаётган вақтда ходимлар томонидан ушбу қути ичида нима борлиги сўралганда пиротехника воситалари мавжудлигини маълум қилган. Шунингдек, фуқародан унда мавжуд шу каби воситалар ихтиёрий равишда топширилиши сўралганда, яшаш хонадонидаги 72 блокда «Трения» ҳамда 27 блокда «Британик» номли умумий ҳисобда 99 блокда 59 минг 400 дона пиротехника воситалари қонуний тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда, фуқаро Ж.Т.га нисбатан Миллий гвардия вилоят бошқармаси суриштирув бўлими томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Беш ташаббус» фаоллари тақдирланди

Бухорода Халқ таълими вазирлиги томонидан 2021 йилда ўқувчи ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича ўтказилган кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақаларида 4 минг нафардан ошиқ бухоролик ўқувчилар қатнашди. Натижаларга кўра, тадбирларда фаол иштирок этган 210 нафар ўқувчи ғолиблар қаторидан жой олди.
Бухоро шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ўқувчилари ғолибликни қўлга киритган мактаб жамоаларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда жами 24 та мактаб, 210 нафар ўқувчи, 24 нафар директор ва 24 нафар ўқитувчига вазирлик томонидан бир миллиард сўмлик робототехника, мусиқа ва спорт жиҳозлари топширилди.
Вобкент туманидаги 6-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Шаҳзод Эркинов Ўзбекистон Республикаси инновацион вазирлигининг илмий-оммабоп нашри – “XXI аср технологиялари» журнали томонидан эълон қилинган «Рақамли технологиялар ёшлар нигоҳида» танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.
Ўқувчи-ёшлар иштирокида куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА