Бухоро вилоят Кенгашининг сессияси
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Бухоро вилоятини 2023 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2024 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ҳисоботи тингланди.
Давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорларига асосан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да сектор раҳбарлари, вилоят ва туманларнинг барча даражадаги раҳбарлари томонидан бевосита жойларда, маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ишлар олиб борилган.
[gallery-15818]
– Бунинг натижасида 2023 йил якунларига кўра вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳаларида сезиларли даражада ўсиш суръатлари таъминланди, – дейди вилоят раҳбари. – Хусусан, 2023 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 105,2 фоизга, саноат маҳсулотлари 106,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104 фоизга, хизматлар 111 фоизга ҳамда қурилиш ҳажми 107,5 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 2022 йилдаги 23 миллион сўмдан 2023 йилда 26,3 миллион сўмга кўпайди. Ушбу даврда саноатнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 18,3 фоизни ташкил этди. Саноат соҳасида 2023 йилда 714,3 миллион долларлик 268 та лойиҳа ишга туширилиб, 10 минг 243 та иш ўрни яратилди. Вилоятда 3 та эркин иқтисодий зона, 33 та кичик саноат зонаси ҳамда 13 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси фаолияти йўлга қўйилди. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 184 миллион долларлик 184 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 минг 800 дан ортиқ иш ўрни яратилган бўлса, кичик саноат зоналарида 29,1 миллион долларлик 149 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 750 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланди. Ишлаб чиқаришнинг 62 фоизи тармоқ ва 38 фоизи ҳудудий даражадаги корхоналарга тўғри келади.
Сессияда вилоят ҳокими 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни ривожлантириш йилида мўлжаллаган режалар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталди.
Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳам эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари