Бухоро ва Самарқанд рассомлар нигоҳида
И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида “Бухоро ва Самарқанд авангард рассомлари В.Уфимцев ва У.Тансиқбаев нигоҳида” деб номланган кўргазма очилди.
Унда рассомларнинг илк график ишлари намойиш этилган. Бу асарларда Ўзбекистонда яшаб ижод қилган ва Ўзбекистонга ташриф буюрган иккита рассом томонидан шарқ меъморчилигига оид икки кўз қарашни кўриш мумкин.
Кўргазмага қўйилган В.Уфимцевнинг (1899-1964) асарларида Ўзбекистондаги илк таассуротлари акс эттирилган бўлиб, у мамлакатимизга биринчи марта 1924 йилда келган, яъни Бухоро меъморий ёдгорликларини ўрганиш бўйича экспедиция таркибида бўлган. У Бухорога бағишланган бир қатор график асарларни яратди. В. Уфимцевнинг Бухорога саёҳати, унинг футурист рассом сифатида онгини ўзгартиришнинг илк даврлари эди.
Ўзбекистонга ташрифи унинг бадиий услубини ҳам ўзгартиради. Кузатишлари ва визуал таассуротлари натижасида пайдо бўлган экспрессив воситаларнинг ифодали ихчамлиги унинг асарларида ажралиб туради. Бухоро ва Самарқанд меъморчилигининг ўзига хослиги унинг эътиборини тортади. Натижада кубизм йўналиши томон тортувчи асарлар пайдо бўлади.
Уфимцев камдан-кам ҳолларда таниқли меъморий ёдгорликларига мурожат қилади, у кўпинча эски ташландиқ қабрларга, карвонсаройларга, ёпиқ бозорларга, шаҳарнинг боши берк кўчаларига эътибор беради. Бу ерларда у ҳаётнинг кенг, абадий панорамасини тасаввур қилади.
У.Тансиқбаев (1904-1974) Ўзбекистонда яшаб ижод қилган, у учун она юрти экзотик эмас эди, лекин она ватанининг табиатига бўлган муҳаббати рассомнинг истеъдодини очиб берди, уни “манзара устаси” қилди. Меъморий мажмуалар рассомнинг манзаралари учун маънавий қўшимча бўлди.
[gallery-10144]
Кўргазмада рассомнинг 1930-32 йиллардаги қишлоқлар ва шаҳарлар бўйлаб саёҳатлари давомида яратган асарлари қўйилган. Шунингдек, 1934 йилда муҳташам меъморий ёдгорликларга эга шаҳарга қилган саёҳати натижасида яратилган “Самарқанд” номли асарлар тўплами ҳам кўргазмада намойиш этилмоқда. Асарлар орасида Бибихоним масжиди, Шоҳи-Зинда мақбаралари ансамбли, қаровсиз қолган эски қабристонларга бағишланган манзаралар бор.
ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган кўплаб ўзбек рассомлари сингари В.Уфимцев ва У.Тансиқбаев учун Ўзбекистон - катта ва кичик аҳамиятга эга бўлган жойларга, қаровсиз қолган ва кўп ташриф буюриладиган турли меъморий мажмуаларга, яъни бой маданиятга эга замин сифатида ижодий тажрибаларини ошириш учун илҳом манбаига айланган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА