Бухоро туризмнинг янги қиёфасини яратмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари, бой маданий мероси ва ноёб табиати негизида замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Бухоро вилояти нафақат тарихий обидалари, балки туризмнинг мутлақо янги йўналишларини ривожлантириш борасида ҳам етакчи ҳудудлардан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Туризм қўмитаси, Маданий мерос агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида амалга оширилаётган истиқболли туризм лойиҳалари ва инфратузилма объектлари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Бухоронинг туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қиладиган бир қатор муҳим ташаббуслар кўздан кечирилди. Жумладан, “Уста Даврон” миниатюра маркази фаолияти алоҳида эътироф этилди. Марказда миллий ҳунармандчилик анъаналари, миниатюра санъати ва инклюзив таълим йўналишлари уйғунлашган бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар маҳаллий ва хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши таъкидланди.

Бухорода туризмнинг мутлақо янги тури — энотуризмни ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли режалар ишлаб чиқилмоқда. “Бухоро–агро стар” корхонаси томонидан ташкил этилиши режалаштирилган замонавий энотуризм маркази доирасида 200 ўринли миллий ва европача ресторан, виночилик музейи, шарбат ишлаб чиқариш корхонаси, махсус дегустация зоналари ҳамда агротуризм объектларини барпо этиш лойиҳалари тақдим этилди. Мутасаддилар мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бу каби лойиҳалар Бухоронинг туристик имкониятларини янада кенгайтириб, сайёҳларга фақат тарихий ёдгорликларни эмас, балки маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, миллий таомлар ва аграр ҳаёт тарзи билан ҳам яқиндан танишиш имконини яратади.
Бухоро шаҳридаги фойдаланилмаётган 2 гектар майдонда амалга оширилиши режалаштирилган агротуризм мажмуаси ҳам катта қизиқиш уйғотди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, миллий таомлар тайёрлаш, меҳмон уйлари ташкил этиш, от ва туяда сайр қилиш ҳамда туристларга меваларни бевосита дарахтдан узиб татиб кўриш имкониятларини яратиш кўзда тутилган.
Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро туманида жойлашган муқаддас зиёратгоҳ — Чор Бакр мажмуаси атрофидаги инфратузилмани янада такомиллаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш ва зиёратчилар учун замонавий қулайликлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Туризм соҳасидаги энг йирик истиқболли лойиҳалардан бири эса Тўдакўл сув омбори ҳудудида ташкил этилиши режалаштирилаётган соҳил бўйи туристик масканидир. Мазкур ҳудуд учун Франциянинг нуфузли “Wilmotte & Associés SAS d’Architecture” компанияси томонидан халқаро талабларга жавоб берадиган мастер-режа ишлаб чиқилиши белгиланган. Бу лойиҳа амалга оширилса, Тўдакўл нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёдаги энг жозибадор дам олиш масканларидан бирига айланиши мумкин.
Шунингдек, маданий туризмни ривожлантириш мақсадида реставрация ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган Садриддин Айний театри ҳам ўрганилди. Театрнинг қайта тикланиши Бухоронинг маданий ҳаётини янада бойитишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бугунги кунда Бухоро нафақат минг йиллик тарих ва бетакрор меъморий обидалар шаҳри сифатида, балки энотуризм, агротуризм, экологик туризм, зиёрат туризми ва соҳил бўйи туризми каби замонавий йўналишларни жадал ривожлантираётган ҳудуд сифатида ҳам шаклланмоқда.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган бу лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва Бухоронинг халқаро туристик нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади. Яқин келажакда Бухоро нафақат ўзининг тарихий мероси, балки замонавий ва ранг-баранг туристик имкониятлари билан ҳам дунё сайёҳларини ҳайратга соладиган манзилга айланиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири