Бухоро қоракўлчилиги истиқболлари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида қоракўлчилик муҳим тармоқ сифатида азалдан яхши ривожланган. Кейинги йилларда соҳанинг мавжуд салоҳиятини ҳар томонлама ошириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида вилоятдаги мавжуд 2355 гектар яйлов Республика пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказилди.
Вилоятда 8 та кластер ташкил этилиб, ушбу яйлов майдонлари кластерларга узоқ муддатли ижара шартнома асосида берилди. Ўз навбатида, кластерлар томонидан ушбу майдонлар 400 га яқин хўжалик субъектига иккиламчи ижара шартнома асосида ажратиб берилди. Бугунги кунда ушбу хўжаликларда 400 минг бошга яқин майда шохли моллар парвариш қилинмоқда.
[gallery-5781]
Табиийки, бу жараёнда омухта емга талаб ҳам ортади. Ушбу масала инобатга олинган ҳолда 2021 йилда 5 та донадор (гранулали) омухта ем ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Қоровулбозор туманида соатига 4 тонна, Шофиркон туманида соатига 2 тонна, Олот, Жондор, Ғиждувон туманларида соатига ҳар бирига 0,3 тоннадан, барча цехларда жами бир суткада 40-50 тоннадан гранулали ем ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Бу эса озуқаларга бўлган талабни қондириш билан бирга, харажатнинг бозор нархидан анча арзонга айланишини таъминламоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат), ЎзА