Бухоро пиллакорларининг ғалабаси
Бухоро вилояти пиллакорлари жорий мавсумда ҳам меҳнатсеварлик, тажриба ва уюшқоқлик намунасини кўрсатиб, пиллачилик соҳасида салмоқли натижаларга эришди. Вилоятда масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Kumushkent ipagi”, “Romstar” ҳамда “Romstar Silkworm Pro” пиллачилик кластерлари буюртмачилиги асосида 52 минг 388 қути ипак қурти парваришланиб, режада белгиланган кўрсаткичлардан ортиқ — 3 минг 243 тонна юқори сифатли “кумуш тола” етиштирилди.
Бу натижа нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим ютуқ, балки аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Мавсум давомида вилоятнинг турли ҳудудларида 100 мингдан зиёд аҳоли доимий ва мавсумий меҳнат билан қамраб олинди. Бир ойдан ортиқ давом этган пилла парвариши жараёнида пиллакорлар ва касаначилар 130 миллиард сўмга яқин даромад олди. Бу эса пиллачиликнинг аҳоли турмуш даражасини яхшилашдаги ўрни тобора ортиб бораётганини яққол кўрсатади.

Соҳада қўлга киритилган бу ютуқлар замирида давлат томонидан берилаётган кенг кўламли қўллаб-қувватлаш чоралари мужассам. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 мартдаги “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани янада модернизация қилиш ва пиллачилик тармоғини янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Жорий йилда пиллачилик кластерлари томонидан 52,4 минг қути ипак қурти уруғи махсус инкубаторияларда жонлантирилиб, пилла етиштирувчиларга етказиб берилди. Ҳар бир қути учун 500 минг сўмдан бўнак пули ажратилгани пиллакорларнинг меҳнатга бўлган қизиқишини янада оширди. Умумий ҳисобда 24,4 миллиард сўмлик аванс маблағлари тарқатилгани соҳадаги иқтисодий фаолликни кучайтиришга хизмат қилди.
Пилла етиштириш жараёнини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган восита ва жиҳозлар ҳам пиллакорларга ўз вақтида етказиб берилди. Жумладан, 62,2 тонна тўшама қоғоз, 16,1 минг дона термометр, 25,5 минг дона психометр, 6 тонна формалин, 20 минг метр бўз ва 2 тонна сёмниклар касаначи ва оилавий звеноларга тарқатилди. Бу эса ипак қурти парваришида санитария ва агротехник талабларни юқори даражада таъминлаш имконини берди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, ҳар бир қути ипак қуртидан ўртача 65–70 килограмм пилла олинган бўлса, илғор звеноларда бу кўрсаткич 80–85 килограммгача етди. Бир дона пилланинг оғирлиги 1,8–1,9 граммни ташкил қилгани ҳам ҳосил сифати юқори бўлганидан далолат беради.

Бу йилги мавсумда Олот, Вобкент, Қоракўл, Шофиркон ва Ромитан туманлари пиллачиликда пешқадам ҳудудлар сифатида алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Вобкент туманида 5977 қути ипак қуртидан қарийб 370 тонна, Қоракўл туманида 5705 қутидан 355 тонна, Ромитан туманида эса 265 тоннадан зиёд юқори сифатли пилла етиштирилди. Бу каби юқори натижалар вилоятда пиллачилик маданияти ва тажрибаси тобора такомиллашаётганини англатади.
Вилоят ҳудудий “Агропилла” раҳбари Илёс Темировнинг таъкидлашича, муваффақиятнинг асосий омилларидан бири — пиллакор агрономлар, мутахассислар ва тажрибали касаначиларнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати бўлди. Ипак қуртининг ўз вақтида сифатли тут барги билан таъминлангани ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатди. Шу мақсадда вилоятда мавжуд тутзорларни кенгайтириш, янги тут кўчатлари экиш ва эски контурларни реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилда 10 миллиондан ортиқ тут кўчатлари экилиши режалаштирилгани соҳанинг келажаги учун мустаҳкам озуқа базаси яратилаётганини кўрсатади.

Бугунги кунда вилоятда 4 минг гектардан зиёд тутзорлардан самарали фойдаланилмоқда. Эътиборлиси, ўтган йилга нисбатан тутзор майдонлари яна 300 гектарга кенгайди. Бу эса пиллачилик тармоғининг ривожи учун муҳим омил ҳисобланади.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда етиштирилган пилла хомашёсини қайта ишлаш орқали 12 миллион АҚШ долларига тенг экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Бу эса нафақат вилоят иқтисодиёти, балки мамлакат экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири