Бухоро – Исроил: дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда
Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчихонаси билан ҳамкорликда туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Видеоконференцияга Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Маҳмудова модераторлик қилди. Томонлар ўртасидаги мулоқотни ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик кўрсатилгани учун вилоят ҳокимлиги ҳамда Бухоро яҳудийларининг бутунжаҳон Конгрессига миннатдорлик билдирилди. Ўзаро дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини очишда бу каби учрашув ва мулоқотлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Онлайн мулоқотда давлат раҳбари томонидан кўҳна ва боқий Бухорода яратилган сайёҳлик имкониятлари ҳақида айтиб ўтилди. Сўнгги 4 йилда вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг оқими 3,5 баробардан зиёдга ўсгани, тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилувчилар сони кўпайиб бораётгани эътироф этилди.
Бухорода 40 дан ортиқ турли миллат вакиллари яшаб келмоқда. Улар орасида яҳудийлар бир неча минг йиллардан бери маҳаллий аҳоли билан бир оиладек аҳил-иноқ муносабатда истиқомат қилиб келаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди. Ҳозирда Бухорода умргузаронлик қилаётган 80 га яқин оиладаги 200 дан ортиқ яҳудийлар вилоятда ўтказиб келинаётган маданий, илмий-маърифий ва байрам тадбирларда фаол қатнашмоқда.
Ўзбекистондаги биринчи яҳудий мактаби ҳам айнан Бухорода ташкил этилганлиги алоҳида қайд этилди. Бухоро яҳудийлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир жараёнида барча яҳудийларни Бухорога саёҳат ва зиёратга келишга таклиф қилинди.
Томонлар ўртасида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида даcтлаб Тель-Авив ва Бухоро шаҳарлари ўртасида чартер авиақатновларини қўйиш имкониятлари бўйича таклифларни ўрганиб чиқишга келишилди.
Онлайн мулоқотда Бухоро яҳудийларининг бутунжаҳон Конгресси бош директори Юда Блоин, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, Бухоро яҳудийлари жамоатчилик маркази раиси Aбрам Исоқов, “Бухоро Мероси” («Наследия Бухары») илмий-ўрганиш маркази (НИЦ) директори Роберт Алмиев, Бухоро яҳудийларининг Вена жамоатчилик маркази президенти Шломо Устониязов, “Димона” муниципалитети ходими Юрий Итхаковлар қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА